Янгиликлар
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг яна бир ҳуқуқий асоси
Кейинги йилларда республикада тадбиркорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 май кунги ПФ-5718-сон “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони Тадбиркорларнинг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг мурожаатлари билан ишлашни ташкил этиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, уларнинг қонуний талабларини амалий ва самарали рўёбга чиқариш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига реал ҳиссани кўпайтириш, аҳолининг иш билан бандлигини ошириш ва унинг моддий фаровонлигини оширишда муҳим ҳужжатдир.
Фармон билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди.
Тадбиркорлик субъектларини ҳамда чет эллик инвесторларни қабул қилиш, шу жумладан, видеоконференцалоқа воситасида ва сайёр қабулларни ўтказиш, тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан, чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик, шу жумладан, ер участкалари ва бинолар, кредитлар ажратиш, рухсат берувчи ҳужжатларни олиш масалаларидаги тўсиқларни бартараф этиш Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарининг фаолият йўналишлари ҳисобланади.
Фармонда қайд этилганидек,
- Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарида тадбиркорларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар, шунингдек бошқа ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан мурожаатлари кўриб чиқилади;
- қарори ёки ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган ташкилотларнинг мансабдор шахсларига мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз топшириш тақиқланади;
- Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий марказлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширади;
- Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари (кейинги ўринларда — секторлар), давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини аниқлайдилар ва уларнинг ҳал этилишини таъминлайдилар;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари секторлар ва ҳудудий ташкилотлар раҳбарларининг тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари Кенгаши мажлисларида муҳокама қилиш учун киритадилар, ушбу ахборот бўйича масъул ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилади.
Шунингдек, Фармонга мувофиқ, қуйидаги ҳисобот тизими амалиётга жорий этилди:
- туманлар ва шаҳарлардаги қабулхоналар ҳар ойнинг 5 санасигача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳридаги қабулхоналарга амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни киритадилар;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги қабулхоналар раҳбарлари ҳар ойнинг 7 санасигача Котибиятга амалга оширилган ишлар тўғрисидаги йиғма-таҳлилий ахборотни киритадилар;
- Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолияти натижалари ҳар чоракда Бош вазирнинг раислигида алоҳида йиғилишларда, шу жумладан, видеоконференцалоқа орқали кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, “business.gov.uz” ягона интерактив портали ишлаб чиқилади.
- Мазкур портал орқали тадбиркорлар томонидан ҳудудлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа параметрлар кесимида муаммо келиб чиққан аниқ бизнес-жараённи акс эттирувчи мурожаат қилиниши мумкин.
Бир сўз билан айтганда, мазкур Фармон тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўлида хизмат қилади.
Назар Қаршибоев,
Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи