Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

ИШ ВАҚТИ ВА УНИНГ ТУРЛАРИ


Иш вақти бу одамнинг иш графиги ёки меҳнат интизоми доирасида ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажарган ҳолда ишхонада ўтказган вақтидир. Иш куни тушунчаси вақт чегарасини билдиради ва унинг мобайнида ишчи иш жойидан ажралмаслиги назарда тутилади. Меҳнат кодексининг 114-моддасида иш вақти тушунчасига таъриф берилган. Ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади.

Иш ҳафтасининг эса асосан икки тури мавжуд — бу 2 кун дам олинадиган 5 кунлик иш ҳафтаси ёки 1 кун дам олинадиган 6 кунлик иш ҳафтаси. МКнинг 115-моддасига кўра, ҳодим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, 5 кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим.

Қисқартирилган, яъни нотўлиқ иш куни бўйича иш берувчи билан олдиндан келишиб олиш даркор. Бундай турдаги иш режимида ишлашга қуйидагиларга рухсат берилади:

  • 18 ёшга тўлмаган ходимлар;
  • I ва II гуруҳ ногирони бўлган ходимлар;
  •  ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимлар;
  • алоҳида тусга эга бўлган ишлардаги ходимлар;
  • уч ёшга тўлмаган болалари бор;
  • бюджет ҳисобидан молиявий жиҳатдан таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёлларга.

       Иш вақтининг муддати:

-        16 дан 18 ёшгача бўлганларга – ҳафтасига 36 соатдан;

-        15 дан 16 ёшгача бўлганларга – ҳафтасига 24 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланган. Ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади.

Қонунчиликка кўра, иш вақтидан ташқари ишлар ходимнинг розилиги билан қўлланиши мумкин, аммо қуйидаги ҳолатларда иш вақтидан ташқари ишларга йўл қўйилмайди:

-        иш сменасининг муддати 12 соатдан иборат бўлганда;

-        шунингдек меҳнат шароити ўта оғир ва ўта зарарли ишларда. 

  Иш вақтидан ташқари иш учун икки ҳиссадан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Аммо МКнинг 125-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишнинг муддати ҳар бир ходим учун:

  • сурункасига 2 кун давомида 4 соатдан;
  • меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларда — 1 кунда 2 соатдан;
  • йилига эса 120 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим.

Қонунчиликка кўра, ҳар бир иш кунида ходимга танаффус берилиши керак. Бу дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслардир. Бу танаффус иш вақтига киритилмайди ва унга ҳақ тўланмайди. У ҳам қисқартирилган, ҳам тўлиқсиз бўлган иш режимида ишловчиларга берилиши шарт.

        Танаффус бериш вақти ва унинг аниқ муддати ички меҳнат тартиби қоидаларида, смена графикларида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгилаб қўйилади.


Ғулом Абдусаломов,

Сардоба туман адлия бўлими бошлиғи