Янгиликлар
30 КИШИЛИК ТЎЙНИНГ ҲАМ ФАЙЗИ ЎЗГАЧА
Тўй халқимизнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналари кўзгусидир. Тўй қиламан, элга ош бераман деб, йиллар давомида йиғинамиз, ёшларнинг бахтли, бекаму-кўст яшаши учун нимаики зарур бўлса, уни муҳайё қилиш тадоригида бўламиз. Ахир, умид билан фарзандлар ўстиряпмиз, уларнинг саодатини кўриш ҳар бир ота-онанинг орзуси.
Таассуфки, ана шу орзу-ҳавасларимизни манманлик ва кимўзарга берилиб дабдабаю-асъасага айлантириб қўйдик. Гўё ёшларнинг келажаги бир кунлик тўйнинг “овозаси”га боғлиқдек.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда ана шу ортиқча ҳашамларга чек қўйиш мақсадида айни лозим бўлган қатор қарорлар чиқарилдики, бу халқ манфаати йўлида хизмат қилади. Жумладан, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси Кенгашлари 2019 йил 14 сентябрь куни тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Қарор билан туйни ўтказиш вақти ва тартиблари аниқ белгилаб берилди.
Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоулар, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумлар («келин навкари», «чорлар», «ота кўрди», «сеп ёйди», «қуда чақирди», «куёв чақирди», «келин чақирди», «тоғора юбориш» ва ҳоказоларни) ўтказишга чек қўйилди.
Ҳозирда халқимиз синовли кунларни бошдан кечирмоқда. Пандемия сабаб турмуш тарзимиз, шу жумладан тўй-ҳашамлар, маросимларни ўтказишда ҳам тартиб-қоидалар ўзгарди. Махсус комиссия қарори билан вирус хавфи кам ҳудудларда ихчам, яъни 30 кишидан ошмаган меҳмон билан никоҳ тўйлари ўтказишга рухсат берилди.
Аммо одамлар орасида 30 кишилик тўй ўтказиш тўғрисида ҳар хил гап-сўзларнинг юргани ҳам ҳеч кимга сир эмас. “Ўзи қариндошлар йиғилсак 30 кишидан ошиб кетамиз, 30 киши билан ҳам тўй қилса бўладими”, палончи қариндошим қолиб кетди, пистончи танишимни айтолмадим” деган таассуфлар тўй эгаларининг ҳаловатини бузган. Бу каби безовталикка ҳожат йўқ, менимча. Ҳозир бировдан гина қиладиган пайт эмас. Ахир, қуролсиз жанг кетаётган шундай мураккаб вазиятда инсон ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида қабул қилинган ҳар қандай қарорни қўллаб-қувватлаш лозим.
Яқинда бир танишим келин туширди, шу тўйда иштирок этдим. 30 кишилик тўйнинг ҳам файзи ўзгача бўлар экан. Ҳовлида чиройли дастурхон ёзилди. Ортиқча харажат ҳам, исрофгарчилик ҳам бўлмади, айниқса, тўй эгалари меҳмонларни сиғдира олмай гир-гир айланишмади. Энг муҳими, ёшлар ҳам бундан хурсанд.
- Тўйдан тежалган пулга янги оила учун янги квартира олиб бераман, - дейди хонадон соҳиби.
Хўш, 30 кишилик тўйнинг нимаси ёмон? Ахир, тўйдан тежалган пулга янги оиланинг ками битяпти-ку! Тўғри, кимнингдир таниш-билиш, ошна-оғайниси кўпдир. Аммо бугунги пандемия шароитида белгиланган тартибга риоя қилиш талаб этилади.
Ҳаёт давом этади, ҳали биз кутган кунлар келади. Шу боис сабр ва матонат билан бу синовни енгиш лозим.
Турсунбой Каримов,
Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи