Янгиликлар
16
Сирдарё вилояти хабарлари: қисқа сатрларда
Ўзбекистон футбол ассоциацияси терма жамоалар бўлими бошлиғи Азиз Ҳайдаров ҳамда бош мутахассиси Сервер Жепаров спорт билан мунтазам шуғулланувчи Мирзаобод туманининг Ҳақиқат, Навбаҳор, Мирзачўл маҳалласи ҳамда туман ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчилари билан учрашди.
Учрашувлар сўнгида нуфузли меҳмонлар туман марказидаги ихтисослашган болалар-ўсмирлар спорт мактаби ёш спортчиларининг 140 нафарига, Мирзачўл ҳамда “Сардоба” сув омбори тошқинидан зарар кўрган Ҳақиқат ва Навбаҳор маҳалласида яшовчи 120 нафар ёшларга спорт формалари тақдим этди.
Вилоят адлия бошқармасида ўтган йиғилишда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш борасида республикамизда қабул қилинган қонунлар ҳамда қонуности ҳужжатлари, уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти тадбир иштирокчилари эътиборига етказилди.
Шу куни “Биз биргамиз” шиори остида ногиронлиги бўлган ҳунармандлар томонидан яратилган санъат асарлари ҳамда маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир сўнгида фаол иштирокчиларга вилоят адлия бошқармасининг эсдалик совғалари топширилди.
Сайхунобод тумани аҳолиси учун вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов онлайн-сайёр қабул ўтказди.
Сайёр қабулда ижтимоий, иқтисодий, маиший соҳалар бўйича муаммолар ва бошқа масалалар юзасидан билдирилган мурожаатлар атрофлича муҳокама қилиниб, уларга шу ернинг ўзида ечим топиш чоралари кўрилди.
Сайёр қабул жараёнида 30 га яқин фуқаронинг мурожаатлари тингланди, шундан 28 та мурожаат ижро учун назоратга олинди.
Қолган мурожаатларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.