Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Сайёҳларнинг Ўзбекистон Республикасига келиши ва кетиши тартиби белгиланди


Юртимиз сайёҳлик кўлами ҳамда тарихий қадамжолари кўплиги бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторида туради. Республикамизда етти мингдан зиёд тарихий ва маданий ёдгорликлар бор. Уларнинг ҳар бири ҳамиша дунё аҳлини ўзига мафтун қилиб келган. Қолаверса, сайёҳлик соҳаси инвестицияларни кенг жалб этиш, қўшимча иш ўринлари яратиш ва шулар ҳисобига аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, қолаверса, халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш каби ўта долзарб масалаларнинг ижобий ечим топишида алоҳида аҳамият касб этади. Шу боис, ривожланаётган ушбу тармоқни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш зарурлигини даврнинг ўзи тақазо қилмоқда.  “Ўзбектуризм” миллий компанияси, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг қарори билан Сайёҳларнинг Ўзбекистон Республикасига келиши ва кетиши тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасида туристик экскурсияларни амалга ошириш вақтида кафолатланган хизматлар кўрсатиш ва сайёҳларни чет эл сафарига боришларини расмийлаштириш тартибини ҳамда чет эллик сайёҳларни қабул қилиш жараёнида ва Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эл сафарларига бориши чоғида ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хавфсизликларини таъминлаш, турар жойларини кафолатланиши ҳамда чет эл сафаридан ўз вақтида қайтишлари мақсадини ўзида ифода этади.

Низомга асосан Чет эллик сайёҳларни қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, туристик ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган чет эллик сайёҳлар ҳақидаги иловага мувофиқ маълумотномани улар кириб келишларидан 5 кун олдин «Ўзбектуризм» миллий компаниясига тақдим этадилар.

2. Маълумотномада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

а) кириб келаётган сайёҳлар сони, улар қайси давлатдан келаётганлиги ва қабул қилаётган ташкилотдан ҳамроҳ бўлиб борувчи шахс тўғрисида маълумот;

б) транспорт воситасининг давлат рақами;

в) Ўзбекистон ҳудудида яшаш ва овқатланиш жойлари кўрсатилган ҳолда, сайёҳларнинг ҳаракат қилиш маршрут ва муддатлари.

3. Сайёҳларни қабул қилувчи туристик ташкилотлар сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва содир бўлиши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қуйидагиларни амалга оширади:

а) аэропорт, вокзал ва бошқа кириш жойларида чет эллик сайёҳларни кутиб олиш, маълумотномада кўрсатилган меҳмонхоналарга жойлаштириш ва тегишли расмийлаштириш ишларини амалга ошириш;

б) барча йўналишларда саёҳат тугагунча сайёҳларни кузатиб бориш;

в) сайёҳларни республика ҳудудида белгиланган муддат давомида бўлиши ва белгиланган муддат тугагандан сўнг республика ҳудудидан ўз вақтида чиқиб кетишларини таъминлаш;

г) хавф-хатар манбалари бўлган ҳудудларга чет эллик сайёҳларни олиб чиқишларидан олдин, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли бошқармаларидан бахтсиз ҳодисалар ёки хавф-хатарлар келиб чиқиши мумкин бўлиши ёки бўлмаслиги юзасидан тегишли маълумотларни олиш;

д) рухсат этилган хавфсиз йўналишлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тегишли ҳудудий бошқармаси билан келишилган ҳолда белгиланган хавфсиз йўналиш бўйича саёҳат қилишни таъминлаш;

е) белгиланган йўналишнинг хусусияти ва сайёҳларнинг хатти-ҳаракатига боғлиқ ҳолда юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатар манбалари ҳақида уларнинг ўзини хабардор қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш;

ж) зарур ҳолларда, чет эллик сайёҳлар ҳақидаги маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш;

з) чет эллик сайёҳлар томонидан чегара ҳудудидан ўтиш вақтида белгиланган тартибга риоя қилинишида тегишли давлат органларига кўмаклашиш.

4. Қабул қилувчи туристик ташкилот чет эл сайёҳлари билан хавфсизлик чораларига риоя этишлари, Ўзбекистон Республикасида бўлиш тартиби, экологик хавфсизлик талаблари, миллий урф-одатларга ҳамда санитария-гигиена қоидаларига амал қилишлари тўғрисида тегишли тушунтириш ишларини ўтказади.

Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элга сайёҳ сифатида юбориш қуйидаги тартибда амалга оширилади.

5. Сайёҳларни чет эл сафарига юбориш «Ўзбектуризм» миллий компанияси билан келишилгандан сўнг амалга оширилади. Туристик ташкилот томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

сайёҳлар рўйхати, гуруҳ раҳбари кўрсатилган ҳолда (рўйхат сайёҳларни жўнатиш вақтидан камида 3 иш куни олдин топширилиши лозим);

қабул қилаётган давлат визаси;

сайёҳларга тақдим этилган туристик йўлланма;

авиачипта;

сайёҳлар суғурта қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат (суғурта полиси);

сайёҳларни чет эл сафарига юборувчи Ўзбекистон Республикаси туристик ташкилотининг чет элдаги ҳамроҳининг сайёҳларга кафолатланган хизмат кўрсатишини тасдиқловчи ҳужжат;

6. «Ўзбектуризм» миллий компанияси туристик ташкилот тақдим этган ҳужжатлар асосида ҳужжат топширилган кундан 2 кун муддатда ҳужжат топширган туристик ташкилот сайёҳларни чет элга юборишига ўз розилигини ёки асослантирилган рад жавобини беради.

Қуйидаги ҳолларда туристик ташкилотларга рад жавоби берилиши мумкин:

туризм соҳасида фаолият кўрсатишга рухсат берувчи лицензияси мавжуд бўлмаса;

чет эллик ҳамкорлари билан имзоланган шартнома муддати тугаган ёки шартномаси бўлмаган тақдирда;

сохта ҳужжатлар тақдим этганда.

7. Туристик ташкилот раҳбари сайёҳлар чет эл сафарларидан қайтганларидан сўнг бир ҳафта ичида, «Ўзбектуризм» миллий компаниясига сайёҳларни қайтганлиги тўғрисида маълумот тақдим этади.

8. Туризм тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Қайд этиш керакки, мамлакатимизда туризмни янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур Низом соҳани тартибга солиш, юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини юксалтиришда мустаҳкам ҳуқуқий асосдир.

Дилноза Умурзоқова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат

бўлими етакчи маслаҳатчиси