Янгиликлар
Сўраган эдингиз...
САВОЛ: Ишсизлик нафақаси кимга ва қанча муддатга берилади, шу ҳақида ҳуқуқий тушунча берсангиз?
Р.Жўраев, Мирзаобод тумани, Нурафшон МФЙ
ЖАВОБ: Қонунчиликда ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта, илгари ишламаган ва биринчи марта иш қидираётган шахсга эса ўн уч календарь ҳафта мобайнида тўланади.
Шунингдек, ишсиз ишсизлик нафақасини олиш даврида иш қидириши ва ҳар икки ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органига ишга ёки касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга, малакасини оширишга йўлланма олиш учун мурожаат қилиши шарт.
Хусусан, ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун ишсизлик нафақаси олдинги иш жойидаги охирги бир йилги ўртача иш ҳақига фоиз нисбатида белгиланади. Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига фоиз нисбатида белгиланади.
Қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган болалари ва бошқа кишилар бўлган ишсиз шахсларга нафақа миқдори ўн фоизга оширилади.
Бундан ташқари, ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган тақдирда, ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга олдинги иш жойидаги ўртача иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтида Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда ишсизлик нафақаси тўлаш кафолатланади.
Яна бир ҳолат, илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган ва ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга маҳаллий меҳнат органи томонидан касбга тайёрлаш ёки ишга жойлашиш имконияти берилмаган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг камида 26,5 фоизи миқдорида нафақа тўлаш кафолатланади.
Узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган ишсиз шахсларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан 35,2 фоизигача бўлган миқдорда тўланади.
Шунингдек, ишсизлик нафақасини тўлашнинг белгиланган муддати ўтиши муносабати билан ишсизлик нафақасини олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган ишсиз фуқароларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан ёки маҳаллий бюджетлардан ажратиладиган моддий ёрдам кўрсатилиши мумкинлиги мазкур Қонунчиликда белгилаб қўйилган.
Саволга Мирзаобод туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Фарҳод Сиддиков жавоб берди.