Янгиликлар
Қурилиш ишлари карантин туфайли тугалланмай қолгани тадбиркорни ташвишга солаётганди…
Ҳозирги одамлар ҳуқуқий саводхонлиги жиҳатидан 3-4 йил илгаригидан қатъий фарқ қилади. Бунга бўлимимизга ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраб қилинаётган мурожаатлар, фуқароларнинг ариза, шикоят хатларини кўриб, амин бўлдим.
Яқинда бўлимимизга “Нурилёс” МЧЖ раҳбари Хабибулло Ҳамидовдан ариза келиб тушди.
Аризада ёзилишича, фуқаро тадбиркорлик қилиш мақсадида 2019 йил 8 апрель куни аукцион орқали Пахтаобод шаҳарчаси Саноат зонасидан ер майдони ютиб олган.
— Ушбу ер майдонида бошланган қурилиш ишларини карантин туфайли ўз вақтида тугатишнинг имкони бўлмади, — дея ёзади мурожаатчи.
Туман ҳокимлигига қурилиш муддатини узайтиришни сўраб қилган мурожаатга эса бир ойга яқин муддат ўтса-да, жавобидан дарак бўлмайди. Шу сабабли тадбиркор туман адлия бўлимига ариза билан мурожаат этишга мажбур бўлади.
— Бўлимимиз томонидан мурожаатнинг ечими юзасидан туман ҳокимлигига хат киритилди. Туман ҳокимлиги масъуллари томонидан ҳолат ўрганилиб, қурилиш муддати узайтирилди, — дейди Сардоба туман адлия бўлими бошлиғи Ғ.Абсаламов.
Ҳа, тадбиркорми, оддий фуқароми, ўз ҳуқуқини билиши жуда муҳим. Бугунги ҳуқуқий тарғибот ҳам айнан шунга йўналтирилган. Қачонки, фуқароларнинг ҳуқуқий онги шаклланган, ўз ҳуқуқ ва масъулиятларини англаб етса, жамиятда қонунбузилишларга ўрин қолмайди.
Илҳом Юнусов,
Сардоба туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси