Янгиликлар
Одил судлов фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, суд-ҳуқуқ соҳасида инсон омилини босқичма-босқич камайтиришга ва жамиятда ҳолислик ҳамда адолатни таъминлашга хизмат қилади
Муҳтаррам Президентимиз томонидан жорий йил 24 июлда имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ соҳасида тарихий фармонлардан бири бўлди десак мақсадга мувофиқ бўларди.
Барчамизга маълумки, давлатнинг қудрати, аввало унда барча итоат этадиган тартиб интизом ўрнатилгани, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳар томонлама ишончли ҳимоя қилишга қаратилган қонунларнинг мавжудлиги ва уларга изчил амал қилиш каби қатор мезонлар билан баҳоланади.
Хусусан, суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси ошишига имкон яратади. Одил судловни амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ва судга нисбатан жамият ишончини оширишнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, суд-ҳуқуқ тизимида мавжуд муаммоларни бартараф этиш, фуқароларни ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, судьялар мустақиллигини ва одил судловни амалга оширишни таъминлаш юзасидан аниқ чора ва вазифалар белгилаб берилди. Бундан, мамлакатимизда суд тизими бўйича ҳам ислоҳотлар изчил тарзда давом этаётганлигини кўриш мумкин.
Шунингдек, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашувни олдини олиш учун, судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш масаласи ҳам мазкур Фармонда кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бугунги давр талаби эканлиги ҳеч кимга сир эмас, жорий йил якунига қадар Олий судда ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш, бунда барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилиши, судлар жорий йилда видеоконференция алоқа тизими билан 100 фоиз қамраб олиниши лозимлиги белгиланди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Муҳтаррам Президентимиз томонидан қабул қилинган мазкур Фармон фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судъянинг мустақил ҳамда адолатли қарор чиқаришга, суд-ҳуқуқ соҳасида шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Фарҳод Сидиков
Мирзаобод туман адлия
бўлими бош маслаҳатчиси