Янгиликлар
ФУҚАРО ЎЗ ҲУҚУҚИНИ ЯХШИ АНГЛАСА …
Яқинда Сардоба туман адлия бўлимига тумандаги Қўйтош маҳалласи, Халоскор кўчаси 70 уйда яшовчи фуқаро, “Нурилёс” МЧЖ раҳбари Хабибулло Ҳамидовдан ариза келиб тушди.
Аризада ёзилишича, фуқаро тадбиркорлик қилиш мақсадида 2019 йил 8 апрель куни аукцион орқали Пахтаобод шаҳарчаси Саноат зонасидан 0.25 га ер майдони ютиб олган.
-Ушбу ер майдонида бошланган қурилиш ишларини карантин туфайли ўз вақтида тугатишнинг имкони бўлмади, - дея ёзади мурожаатчи.
Туман ҳокимлигига қурилиш муддатини узайтиришни сўраб қилган мурожаатга эса бир ойга яқин муддат ўтса-да, жавобидан дарак бўлмайди. Шу ҳолат юзасидан тадбиркор туман адлия бўлимига ариза билан мурожаат этишга мажбур бўлади.
- Бўлимимиз мурожаатнинг ечими юзасидан туман ҳокимлигига хат киритилди. Туман ҳокимлиги қурилиш бўлими томонидан ҳолат ўрганилиб, қурилиш муддати карантин даври учун узайтирилди, - дейди Сардоба туман адлия бўлими бошлиғи Ғ.Абсаламов.
Ҳа, тадбиркорми, оддий фуқароми, ўз ҳуқуқини билиши жуда муҳим. Бугунги ҳуқуқий тарғибот ҳам айнан шунга йўналтирилган. Қачонки фуқароларнинг ҳуқуқий онги шаклланган, ўз ҳуқуқ ва масъулиятларини англаб етса, жамиятда қонунбузилишлар ўрин қолмайди.
Илҳом Юнусов,
Сардоба туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси