Янгиликлар
“ЎЗБЕКЧИЛИК УЧУН УЯТ”МИ?
Никоҳга кираётган чоғда ҳамма ҳам бутун никоҳ даври давомида тинчлик ва уйғунликда яшаб, бир кунда вафот этамиз деб ишонади.
Амалда, кўпинча эр-хотинлар, собиқ эр-хотинлар ўртасида мулкни тақсимлаш, шу жумладан, биргаликда сотиб олинган мулк бўйича тортишувлар бўлиб туради. Кўпинча бир тараф ҳеч нарсасиз қолиши кузатилади.
Бу кўнгилсизликнинг олдини олиш мумкин эди, никоҳ тузилаётган пайтида никоҳ шартномаси имзоланса барчаси бошқача бўлиши мумкин эди.
Ўзбекистонда ушбу атама биринчи марта 1998 йилда, Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси (бундан кейин - ЎзР ОК) қабул қилингандан кейин ишлатилган.
"Никоҳ шартномаси" - никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади (ЎзР ОК 29-моддаси).
Турмуш ўртоқлар никоҳдан олдин ҳам, никоҳни давлат рўйхатидан ўтказгандан кейин ҳам тузишлари мумкин. Никоҳни давлат рўйхатига олишдан олдин тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб кучга киради. Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилиши ва нотариал тасдиқланиши керак.
Шуни эсда тутиш лозимки, амалдаги қонунчилик эр-хотиннинг бирига никоҳ шартномасини тузиш ёки уни тузмасдан, бошқа турмуш ўртоғининг эркинлиги, иродаси ва истакларини чеклаш ҳуқуқини бермайди. Масалан, турмуш ўртоғининг таълим муассасаларига боришини тақиқлаш ёки даъво билан судга мурожаат қилишни тақиқлаш мумкин эмас. Бундай шартларни никоҳ шартномасига киритиш никоҳ шартномасининг ушбу қисмини бекор қилишга олиб келиши мумкин.
Никоҳ шартномасини тузишда эр-хотинлар амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган умумий биргаликдаги мулкчилик режимини ўзгартиришга, эр-хотиннинг барча мулкига, унинг алоҳида турларига ёки ҳар бир турмуш ўртоғининг мулкига биргаликда ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидирлар. Бошқача қилиб айтганда, никоҳ шартномаси тузилгандан сўнг, никоҳ даврида биргаликда сотиб олинган барча мулклар тенг иккига бўлинмайди. Ҳар бир турмуш ўртоғи биргаликда сотиб олинган мулкнинг никоҳ шартномасида белгиланадиган қисмига эгалик қилади.
Никоҳ шартномаси аллақачон мавжуд бўлган мулкка ҳам, келажакда эр-хотинлар томонидан олинадиган мол-мулкка ҳам тузилиши мумкин. Масалан, эр-хотинлар никоҳ шартномасида умумий маблағ эвазига сотиб олинган мол-мулк биргаликда сотиб олинадиган ва эр-хотин ўртасида тенг тақсимлаш шартини белгилашлари мумкин, шунингдек, уларнинг ҳар бирининг шахсий пуллари учун сотиб олинган мол-мулк фақатгина эр ёки хотин эгалик қилиш шартини ва бунда иккинчи томон бундай мулкни тақсимлашни талаб қилишга ҳақли эмаслигини белгилаш мумкин.
Никоҳланувчилар никоҳ шартномасига мулкий муносабатларга оид бошқа қоидаларни ҳам киритиши мумкин. Бироқ, никоҳ шартномасида эр ва хотиннинг бири томонидан "никоҳ қарзини тўлаш" шартларини, хотин биринчи ўғил ёки қизни туғиши шарт эканлиги ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган ҳуқуқлардан эр-хотиннинг бирини чеклайдиган бошқа шартларни киритишига йўл қўйилмайди.
Ўз табиатига кўра, никоҳ шартномаси фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўлиб, қуйидагиларни англатади: унга Оила кодекси ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг қоидалари қўлланилади. Никоҳ шартномасини тузишда Фуқаролик Кодексидан шартномалар ва битимлар тузиш тўғрисидаги қоидаларга, Оила кодексининг эса - 6-бобга амал қилиш керак.
Никоҳ шартномаси қуйидаги шартлар асосида тузилган деб ҳисобланади.
- Иккала турмуш ўртоғининг хоҳиши мавжуд, яъни иккала турмуш ўртоғи ҳам бундай шартнома тузишга рози.
- Шартномани имзолашда ҳар иккала турмуш ўртоғи ҳам шахсан иштирок этадилар.
- Шартнома нотариал тасдиқланган бўлиши шарт. (акс ҳолда шартнома ҳақиқий эмас, яъни у юридик кучга эга эмас).
Никоҳ шартномаси бўйича мажбуриятларни бир томонлама бажаришдан воз кечишга йўл қўйилмайди, эр-хотинлар никоҳ шартномасида мавжуд шартларни ўзгартириш имкониятига эга. Бунинг учун эр-хотинлар никоҳ шартномасини нотариус билан тасдиқлашни унутмаган холда, қайта имзолашлари шарт.
Никоҳ шартномасини бекор қилиш суд орқали амалга ошириш мумкин, ва сиз бекор қилишда ишончли далилларга эга бўлишингиз керак. Никоҳ шартномасининг амал қилиши никоҳ бекор қилинган пайтдан эътиборан бекор қилинади, никоҳ шартномасида никоҳ тугаганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно.
Турмуш ўртоғи никоҳ шартномасини тузиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ўз кредиторини (кредиторларини) хабардор қилиши шарт. Агар бу мажбурият бажарилмаса, турмуш ўртоғи никоҳ шартномасининг мазмунидан қатъи назар, ўз мажбуриятлари бўйича жавоб беради.
Қарздор ер ёки хотиннинг кредиторлари (кредиторлари) қонунда белгиланган тартибда тубдан ўзгарган ҳолатлар муносабати билан никоҳ шартномасининг шартларини ўзгартиришни ёки бекор қилишни талаб қилишга ҳақли.
Хулоса қилиб, никоҳ шартномасини тузиш келажакда низоли вазиятларни олдини олишга ёрдам беради ва эр-хотиннинг асабларини тежашга ёрдам беради деган хулосага келишимиз мумкин.
Муҳаббат Худойбердиева,
Гулистон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус