Янгиликлар
Сўраган эдингиз...
САВОЛ: Ёшим 16 да. Мактабда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда фаол қатнашиб келаман. Нафақат мактабда, балки вилоят миқёсида ўтказиладиган тарғибот тадбирларида ҳам иштирок этсам дейман. Яқинда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонун билан танишдим. Мен ҳам волонтёрлик фаолияти билан шуғуллансам бўладими? Волонтёр қандай ҳуқуқларга эга?
А.Рўзибоев, Гулистон шаҳри
ЖАВОБ: Ўн саккиз ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.
Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини, башарти бу фаолият уларнинг соғлиғига ҳамда ахлоқий ривожланишига зарар етказмаса ва ўқув жараёнини бузмаса, амалга ошириши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар оқибатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир ишларни амалга ошириш учун фақат ўн саккиз ёшдан катта бўлган волонтёрларга ижозат берилади.
Волонтёр қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзининг волонтёрлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этишини ушбу Қонунда белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда эркин танлаш;
агар волонтёр ҳамда волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида тузилган волонтёрлик шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ҳар қандай вақтда волонтёрлик фаолиятини эркин равишда тугатиш;
волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ва волонтёрлик ташкилоти тўғрисида ишончли ахборот олиш;
волонтёрлик дастурларини бажариш, волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этиладиган ёки тавсия қилинадиган волонтёрлик акцияларини ва бошқа тадбирларни ўтказиш;
волонтёрлик фаолияти ташкилотчисидан ва волонтёрлик ташкилотидан махсус кийим-бош олиш ҳамда йўл ҳақига, яшашга, овқатланишга, зарур якка тартибда ҳимояланиш воситаларини, асбоб-ускуналарни олишга сарфланган харажатларнинг ва бошқа харажатларнинг ўрни қопланиши;
волонтёрлик фаолияти ташкилотчисидан ва волонтёрлик ташкилотидан тавсиянома тусидаги хатларни олиш;
таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ташкилотларига ва табиатни муҳофаза қилувчи ҳамда ўрмон муассасаларининг ҳудудига мазкур ташкилотлар ва муассасалар раҳбарияти билан келишувга кўра волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун кириш;
волонтёрлик ташкилотининг, волонтёрлик фаолияти ташкилотчисининг маблағлари ҳисобидан ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилдириш.
Волонтёр:
волонтёрларни мувофиқлаштирувчидан, волонтёрлик ташкилотидан ҳамда волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчисидан олинган топшириқларни виждонан бажариши;
фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги, ўз фаолияти билан учинчи шахсларга ва атроф-муҳитга зарар етказмаслиги;
волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш чоғида ўзига маълум бўлиб қолган махфий хусусиятга эга маълумотларни ошкор этмаслиги;
волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида ўзига берилган моддий ресурслар ҳамда асбоб-ускуналарга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши ва иш тугаганидан кейин уларни қайтариши;
давлат органларининг мансабдор шахсларига ўз ваколатларини амалга оширишида тўсқинлик қилмаслиги шарт.
Волонтёр қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси Дилноза Умрзоқова жавоб берди.