Янгиликлар
Сўраган эдингиз...
САВОЛ: Иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномасини уйдан туриб олиш мумкинми, шу ҳақда ҳуқуқий тушунча берсангиз?
Ш.Бойхўрозов, Мирзаобод тумани, Боғистон МФЙ
ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 августдаги 495-сонли Қарори билан Иш ҳақи ва иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномасини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Мазкур Регламентга мувофиқ, жисмоний шахслар ёки уларнинг яқин қариндошлари маълум ташкилотда ишлаган давридаги иш ҳақига оид ва ишлаганлиги тўғрисидаги иш стажига оид маълумотнома олиш учун Давлат хизматлари марказларига (ДХМ) бориб ариза топшириши ёки хизматдан электрон шаклда фойдаланиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) рўйхатдан ўтиши белгиланган.
Шуниндек, ариза берувчи сўровномани ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди.
Бундан ташқари, сўровномани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш имконияти бўлмаганда, тегишли имзолар идентификация қилишнинг бошқа воситалари (дактилоскопия, электрон имзо ва бошқалар) билан ҳам тасдиқланиши мумкин.
Хусусан, давлат архиви сўровнома келиб тушган вақтдан бошлаб иш стажини тасдиқлашга оид маълумотнома учун 5 иш кунидан, иш ҳақини тасдиқлашга оид маълумотнома учун 20 иш кунидан ошмаган муддатда тегишли QR-кодли маълумотнома шакллантиради ҳамда Давлат хизматлари марказларига ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталига юборади.
Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Давлат хизматлари марказлари ва давлат архивлари ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган маълумотларни сир сақланишини таъминлайди.
Саволга Мирзаобод туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Фарҳод Сиддиков жавоб берди.