Янгиликлар
Одам савдосига қарши курашишнинг яна бир ҳуқуқий асоси яратилди.
Муборак ҳадиси шарифларнинг бирида шундай дейилади: “Уч киши борки, мен уларга қиёмат куни хусуматчиман. Менинг номимдан (аҳд) берадиган ва кейин хиёнат қиладиган киши. Ҳур кишини сотиб пулини ейдиган киши. Мардикор ёллаб, уни ишлатиб ва ҳаққини бермаган киши”.
Юқорида келтирилган ҳадис ўткинчи мол-дунё учун ватандошларини, қишлоқдошларини ва ҳатто қариндошларини сотишдан қайтмаётган орамиздаги айрим кишилар - одамфурушларга қарата айтилгани тан олишимиз керак бўлган аччиқ ҳақиқат. Ҳудуд ёки чегара танламас ушбу жиноят жамият тараққиёти ва давлатлар ривожига жиддий хавф туғдириши табиий.
Мамлакатимизда ушбу трансмиллий жиноятга қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни таг-томири билан йўқотиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 17 август куни имзоланган янги таҳрирдаги “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун бу борадаги ишларни тартибга солишнинг ўзига хос ҳуқуқий механизмини яратади. Қонуннинг энг муҳим жиҳати шундаки, одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ахборот ошкор этилмайди.
Қонунга кўра, одам савдосидан жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида идентификация қилинади.
- Шунингдек, Қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби белгиланиб, улар, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:
- ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатишни;
- вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитари-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлашни;
- ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатишни;
- ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларни излашида ёрдам кўрсатишни.
- Шу билан бирга, одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ҳамда уларга нисбатан содир этилган ҳолатлар ҳақидаги ахборот, шунингдек кўрилган хавфсизлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаслиги белгиланди.
- Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият шисобланади. Шундай экан, шахс эрки ва қонуний манфаатларини таъминлашда масъулиятни янада кучайтириш зарур. Ушбу қонун фуқароларимиз ҳаёти ва саломатлиги, шаъни, қадр-қимматини жиноятчиларнинг тажовузларидан ҳимоялаб, инсон ва унинг ҳуқуқлари, манфаатлари энг олий қадрият, деган улуғ ғояни рўёбга чиқаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Ҳокимбек Эркабоев
Оқолтин туман адлия
бўлими бош маслаҳатчиси