Янгиликлар
КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ МУРОСАСИЗ КУРАШ – БАРЧАНИНГ БУРЧИ
zoom иловаси орқали ўтказилган конференцияда Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда ўтган йил 27 майда қабул қилинган Президент Фармони, Фармондан келиб чиқиб давлат органлари ва ташкилотларида олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот, адлия органларининг ўзида коррупцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар, фаолиятдаги очиқлик ва шаффофлик тўғрисида ахборот берилди.
Жойларда коррупция ҳолатларига сабаб бўлаётган омиллар ҳақида сўз борди. Муҳокамада сўзга чиққан "Истиқболли авлод" ижтимоий ахборот маркази Сирдарё вилояти бўлинмаси директори М. Маликова ҳамда "Соғлом авлод учун" ХХФ вилоят бўлими раҳбари Ю.Усмонова авваломбор, коррупцияга қарши курашишни ҳар бир инсон ўзидан бошлашини, оилада фарзандларимизга коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш борасида тарбия бериш лозимлигини айтишди.
Конференцияда иштирок этган Гулистон Давлат университети вакиллари таълим даргоҳларида, айниқса, ОТМларда коррупция ҳолатлари учраб турганлиги, коррупция содир этилганида, ишдан бўшатиш билан чекланиб қолмасдан, балки етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплатиш ҳамда қаттиқроқ чора кўриш лозимлиги ҳақида таклиф бердилар.
- Жамоатчилик фикрини нодавлат нотижорат ташкилотларидан яхшироқ билувчи ташкилот кам, чунки ННТ вакиллари айнан халқ орасидан чиққан ва халқ орасида, унинг дарду-ташвишлари билан юришибди, - дйеди Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев. - Шу билан биргаликда, адлия органлари ҳам мана учинчи йилдирки, халқ билан мулоқотни кучайтириб, турли сайёр ва онлайн қабуллар орқали аҳолининг ичига кириб бораётирлар. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш узлуксиз йўлга қўйилди. Агар кучларимизни бирлаштирсак ва ижтимоий шерикликни самарали йўлга қўйсак, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантириб, ҳуқуқий саводсизликка барҳам бера олсак, ҳақиқий ҳуқуқий демократик жамият барпо этилишига ҳисса қўшган бўламиз. Фуқароли ўз ҳуқуқ ва бурчларини билган ва уларга қатъий амал қилган мамлакатда коррупция каби салбий иллатларга ўрин қолмайди.