Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Инновацион фаолият соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади


Иқтисодиётнинг инновацион ривожланишини рағбатлантириш, илғор илм-фан ютуқларини иқтисодиёт тармоқларига жорий қилиш барқарор иқтисодий ўсишнинг бош омили ҳисобланади. Бироқ мамлакатимиз қонунчилигида инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни, инновация ва инновацион фаолият соҳасидаги тушунчаларни, иштирокчилар таркибини ва ушбу жараёнда уларнинг ўзаро муносабатини, апробация механизмларини самарали ташкил этишни, илмий ишланмаларни амалиётга тадбиқ этишни ва саноатда ўзлаштиришни тартибга солувчи ягона қонун ҳужжатининг мавжуд эмаслиги ушбу йўналишдаги муаммоларни юзага чиқарди.

Инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида жорий йилнинг 24 июль куни Президент томонидан имзоланган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги Қонун инновацияларнинг ҳаётимизга кенг кириб келиши йўлида мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асос бўлди.

Қонун инновацион маҳсулотлар ва хизматларни яратиш ҳамда қўллаш учун қулай муҳитни шакллантириш, инновацион фаолият соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Шу ўринда инновация тушунчасига изоҳ берсак.

Инновация – фуқаролик муомаласига киритилган ёки шахсий эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган, қўлланилиши амалиётда катта ижтимоий-иқтисодий самарага эришишни таъминлайдиган янги ишланма, бозор талабидан келиб чиққан ҳолда жараёнлар ва маҳсулотларнинг сифатли ўсиш самарадорлигини таъминлаш учун жорий этилган янгиликдир. Инсон интеллектуал фаолияти, унинг фантазияси, ижодий жараёни, кашфиётлари, ихтиролари ва рационализаторлигининг якуний натижаси ҳисобланади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги инновацион фаолият соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Вазирлик давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу соҳадаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Қонунга кўра, Инновацияларни яратишга доир давлат буюртмасини шакллантириш ва тасдиқлаш Фанлар академияси ва тегишли ташкилотлар таклифлари асосида ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Бундай лойиҳаларни амалга оширишнинг энг кўп муддати икки йил.

Инновацион лойиҳаларнинг амалий аҳамиятини, иқтисодий самарадорлигини комплекс баҳолаш, уларни молиялаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги ва ҳажми тўғрисида тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида инновацион лойиҳаларнинг техник ва илмий экспертизалари ўтказилиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун инновацион фаолият соҳаларини ва унинг барча иштирокчиларини самарали ҳамкорлиги учун ҳуқуқий асослари ва қонуний ваколатларини таъминлаш, инновацион фаолият субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, инновацион фаолият субъектларини кенг кўламда ташкил этиш имконини беради.



Турсунбой Каримов

Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи