Янгиликлар
Сўраган эдингиз...
САВОЛ: Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона чегараси орқали олиб ўтиш шартлари тўғрисида маълумот берсангиз?
Н.Каримжонов, Гулистон шаҳри
ЖАВОБ: Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини бевосита божхона чегараси орқали олиб ўтишга қаратилган ҳаракатлар жумласига қуйидагилар киради:
божхона чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний шахснинг божхона назорати зонасига кириши;
транспорт воситасининг божхона чегарасини кесиб ўтиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидан ўтказиш пунктига кириши;
божхона ҳудудига йўллаш ёки ушбу ҳудуддан ташқарига жўнатиш учун товарларни транспорт ташкилотларига ёхуд халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини почта алоқаси операторлари ва провайдерларига топшириш;
жисмоний шахснинг қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланмаган жойлардан товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан божхона чегарасини амалда кесиб ўтишга қаратилган ҳаракатлари.
Товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудига олиб кириш шартлари товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан божхона чегарасини амалда кесиб ўтишдан ҳамда ушбу товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан ушбу Кодексда назарда тутилган кейинги барча ҳаракатларни улар божхона органлари томонидан чиқариб юборилгунига қадар амалга оширишдан иборат.
Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона ҳудудига олиб кирилаётганда ташувчи уларни тайинланган божхона органи жойлашган ерга ёки бошқа жойга ушбу Кодекснинг 218-моддасида белгиланган муддатларда етказиб бериши шарт. Бунда товарларнинг ҳолатини ўзгартиришга ёки уларнинг ўровини бузишга, шунингдек қўйилган пломбаларга, муҳрларга ва божхона идентификациясининг бошқа воситаларига шикаст етказилишига йўл қўйилмайди.
Божхона декларациясини бериш ёки ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатиб ўтилган, товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини мазкур ҳудуддан бевосита олиб чиқишга қаратилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш, шунингдек товарлар ва (ёки) транспорт воситалари билан ушбу Кодексда назарда тутилган кейинги барча ҳаракатларни улар амалда божхона чегарасини кесиб ўтгунига қадар бажариш товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини божхона ҳудудидан олиб чиқиш шартлари ҳисобланади.
Товарларни божхона ҳудудидан олиб чиқишга улар ушбу Кодексга мувофиқ олиб чиқилаётган товарларга нисбатан қўлланиладиган тегишли божхона режимига жойлаштирилганидан сўнг йўл қўйилади. Товарлар ва (ёки) транспорт воситалари божхона назоратидан ўтказилмасдан мазкур ҳудуддан олиб чиқилиши мумкин эмас. Божхона назорати ташувчининг товарларни ва (ёки) транспорт воситаларини олиб чиқиш нияти борлигидан олдиндан хабардор қилиш асосида божхона органи томонидан ўтказилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасини ҳамда валюта бойликларини божхона чегараси орқали олиб ўтиш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Дилноза Умрзоқова жавоб берди.