Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

ТАРАҚҚИЁТНИНГ ҚОНУНИЙ АСОСИ


Ушбу соҳада ҳам олиб борилган ислоҳотлар натижасида жорий йил 24 июль куни 630-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонуннинг мақсади инновацион фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

инновация — фуқаролик муомаласига киритилган ёки шахсий эҳтиёжлар учун фойдаланиладиган, қўлланилиши амалиётда катта ижтимоий-иқтисодий самарага эришишни таъминлайдиган янги ишланма;

инновацион инфратузилма — инновацион фаолиятни моддий-техник, молиявий, ташкилий-услубий, ахборот, консультатив ва бошқа жиҳатдан таъминлайдиган корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, мулкчиликнинг исталган шаклидаги улар бирлашмаларининг мажмуи;

инновацион лойиҳа — янги ишланмалар яратиш учун бажариш муддатларини, ижрочиларни, молиялаштириш манбаларини ва тегишли инфратузилмани шакллантиришни назарда тутувчи тадбирлар мажмуи;

инновацион фаолият — янги ишланмаларни ташкил этиш, шунингдек ишлаб чиқариш соҳасида уларнинг ўтказилиши ва амалга оширилишини таъминлаш бўйича фаолият;

инновациялар яратиш учун давлат буюртмаси — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига инновацион лойиҳани бажариш учун топшириқ;

технологиялар трансфери — янги ишланмани у олинадиган (ишлаб чиқариладиган) соҳадан амалда қўллаш соҳасига ўтказишга қаратилган тадбирлар мажмуи;

янги ишланма — мавжуд ўхшаш интеллектуал фаолият натижаларига нисбатан янги белгиларга эга бўлган, амалда қўллаш мумкин бўлган ва амалиётда ундан фойдаланганда катта ижтимоий-иқтисодий самарага эришишни таъминлай оладиган интеллектуал фаолият натижаси (ишлаб чиқариш, маъмурий, тижорат ёки бошқа хусусиятга эга янги ёки мукаммал технология, хизмат ва ташкилий-техник ечим).

Қонунга асосан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги инновацион фаолият соҳасидаги ваколатли давлат органидир.

Ваколатли давлат органи:

инновацион фаолият соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг инновацион фаолият соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

инновацион ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

инновацион фаолият соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади;

инновацион фаолият хавфларини баҳолаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

мамлакатнинг инновацион ривожланиш ҳолати таҳлилини амалга оширади;

инновацион фаолият субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

инновацион лойиҳаларнинг давлат экспертизаси ташкил этилишини таъминлайди;

ягона давлат буюртмачиси сифатида инновацион лойиҳаларни шакллантиради, тасдиқлайди ва молиялаштиради;

инновациялар яратиш учун давлат буюртмаси доирасида инновацион лойиҳаларнинг бажарилишини мониторинг қилади ва бажарилиш самарадорлигини баҳолашни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан харид қилинадиган технологиялар трансферига оид шартномаларни рўйхатдан ўтказади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ва бошқа ташкилотларга молиялаштириш учун янги ишланмаларни тавсия қилади;

янги ишланмаларни тижоратлаштиришни молиялаштиради ва технологиялар трансферига кўмаклашади;

инновацион фаолият субъектларини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашади, инновацион фаолият натижаларини жорий этишга доир самарали механизмларни шакллантиради;

инновацион фаолият субъектлари учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил қилишда иштирок этади;

инновацион фаолият соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади.

Ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Инновацион ривожланиш вазирлигининг Глобал инновацион индекс рейтингига киритилиши бўйича сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ижобий ислоҳотлар оли борилиб, натижаларга эришилмоқда. Тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда халқаро ташкилотлар билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик Ўзбекистон Республикасини Инновацион ривожлантириш стратегиясида белгиланган асосий вазифалардан бири – Ўзбекистоннинг Глобал инновацион индекс рейтингига кириши ва илғор давлатлар қаторидан жой олишига асос бўлади.

Юксалиб бораётган Ўзбекистонимизда келгусида бу каби қонунчилик ислоҳотлари бардавомдир.



И.Қаюмов,

Янгиер шаҳар адлия бўлими бошлиғи