Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

МУСТАҚИЛЛИК — ҲАММАМИЗНИНГ АБАДИЙ БАЙРАМИМИЗ


1 сентябрь куни 1991 йилдан эътиборан Ўзбекистонда, унинг замонавий тарихидаги энг муҳим саналардан бири сифатида нишонлаб келинади, чунки 1991 йилнинг 31 августида Ўзбекистон ССРнинг Президенти Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Олий Советининг сессиясида Ўзбекистон Республикасининг давлат Мустақиллигини эълон қилган эди.
Ва шу сессияда 1991 йил 31 августдаги № 335-XII рақамли “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган эди. Бу Қарорнинг биринчи банди “Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисидаги Баёнати” ва шу дақиқадан эътиборан Ўзбекистон ССРни Ўзбекистон Республикаси деб қайта номлаш тўғрисидаги қарордан иборат эди. Бу Қарорнинг иккинчи банди эса 1 сентябрь санасини ўша шонли 1991 йилдан эътиборан байрам – Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик куни сифатида белгилаган.

Халқимиз Мустақиллик байрамини 1991 йил 1 сентябрь кунидан шу кунга қадар тамомила янгича шароитда — миллий тараққиётимизнинг янги босқичи одимлари кундан-кунга шиддатли тус олаётган, Ўзбекистоннинг янги мақоми бутун дунёда расман эътироф этилаётган, мамлакатимизда ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиш тобора кучайиб бораётган бир шароитда нишонлайди.

Халқимизнинг хоҳиш-истаги, янги эркин ва демократик жамият қуриш йўлидаги қатъий иродаси билан бошланган истиқлол солномаси ҳаётимизда қўлга киритилган, одамларнинг онг-тафаккури ва дунёқарашида ўз ифодасини топаётган бемисл ютуқлар билан безангани, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошгани, ёшларда Ватанга  муҳаббат,  истиқлол ғояларига садоқат руҳи кучайгани ғоят муҳимдир.

Мамлакатимиз Мустақилликка эришган кундан бери 3280 та Қонунлар, 5739 та Фармонлар, 537 та Фармойишлар ва 47269 та Қарорлар қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларнинг барчаси ҳам энг олий мақсад одамлар ўз ҳаётларидан бугун рози бўлиб яшашлари лозимлиги, мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг барчаси ана шу мақсаднинг амалий рўёбига қаратилиши зарурлигига қаратилган.

Бу энг аввало, қадди-бастимизнинг, ғурур ва шаънимизнинг, миллий тарихимизнинг, дину диёнатимизнинг тикланганини кўрамиз, миллатнинг эркка эришуви нақадар тотли, нақадар тароватли туйғу эканини ҳис этамиз, жаҳон ҳамжамияти сафларида неча йиллар бўш турган ўрнимизни эгаллаганимиздан, дунё бозорлари Ўзбекистон учун очилиб бораётганидан ҳақли равишда фахрланамиз. Ифтихор қилиш билан бирга, истиқлолдек буюк неъматни асраш, уни ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш, ёшлар онги ва қалбига бу улуғ туйғуни янада чуқур сингдириш, янги авлодни дунёнинг бугунги юксак талабларига мос равишда тарбиялаш борасида зиммамизда жуда катта масъулият борлигини ҳам англаймиз.

Дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар жамиятнинг ҳар бир аъзосидан фаоллик ва ташаббускорликни, зукко кузатувчанликни талаб этмоқда.

Йигирма тўққиз йилдирки, халқимиз пешонасида эрк, озодлик қуёши порлай бошлаган саховатли кузнинг биринчи кунини умумхалқ байрами, ҳаётимиздаги энг улуғ ва энг азиз байрам сифатида нишонлаб келамиз.

Мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқлари, кўча ва хиёбонлари йилдан-йилга гўзаллашиб бораётгани, йирик саноат корхоналари, замонавий муҳташам бинолар, ишлаб чиқариш корхоналари, маданият, санъат, спорт саройлари, нуроний отахону онахонлар, ёшлар ва болаларга мўлжалланган дам олиш масканлари қурилаётгани ҳаётимизга ўзгача завқ бағишлайди. Бутун мамлакат қурилиш, янгиланиш, бунёдкорлик майдонига айланган десак, муболаға бўлмайди.

Дунё мамлакатларининг раҳбарлари, таниқли давлат ва сиёсат арбоблари Ўзбекистоннинг янги тараққиёт йўлини, Давлатимиз раҳбарининг халқни тинглаш, унга дилдан яқин бўлишдек чинакам инсонпарвар сиёсатини қўллаб-қувватламоқда, хорижий матбуот бу тўғрида самимий мақолалар эълон қилмоқда. Бизнинг бугунги ривожланиш шиддатимиз, кўзлаган улуғ мақсадларимиз дунёни яхши маънода ҳайратга солмоқда.

Негаки, Юртбошимизнинг ҳар бир нутқи ва маърузасида энг олий мақсад — одамлар ўз ҳаётларидан бугун рози бўлиб яшашлари лозимлиги, мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг барчаси ана шу мақсаднинг амалий рўёбига қаратилиши зарурлиги уқдирилади.

Йигирма тўққиз йил тарих олдида жуда оз фурсат. Аммо шу нарса ҳам аниқки, йилларнинг ва ҳатто, асрларнинг маъно-моҳияти фақат вақт тушунчаси билан ўлчанмайди, аксинча, шу вақт, шу фурсат ичида амалга оширилган эзгу амаллар, инсон манфаатлари йўлидаги амалий саъй-ҳаракатларнинг натижалари билан белгиланади.

Шундай экан, ҳар йили, саховатли кузнинг биринчи тонгида миллий истиқлол байрамини нишонлар эканмиз, мустақиллик солномасининг янги саҳифасига янгича шиддат, эртанги ютуқларимизга қатъий ишонч билан қадам қўямиз. Байрамнинг улуғ шукуҳи Озод ва Обод Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий бўй-бастини дунё кенгликлари узра намоён этаверади.

Ҳамид Аҳмедов,

Мирзаобод туман адлия бўлими бошлиғи