Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

ҲАР БИР СОҲА КОРРУПЦИЯСИЗ СОҲАГА АЙЛАНИШИ ЗАРУРИЯТ


Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш сиёсати вазирлик тизимида коррупциявий ҳолатларга қарши курашишнинг умумий қоидаларини ва Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилигига риоя этилишида ўзаро боғлиқ бўлган тамойиллар ва чора-тадбирларнинг мажмуини белгилаб беради.

Сиёсат Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг Одоб-ахлоқ қоидалари ва Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомга мувофиқ ишлаб чиқилган.

Ходимнинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши, коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш, яъни ўзининг хизмат мавқеи ёки ваколатини суиистеъмол қилиш, қонунга хилоф равишда шахсан ёки бошқа шахс орқали моддий ёки номоддий наф бериш ёки ундан ёхуд учинчи шахслардан бундай нафни олиш қатъиян таъқиқланган ва тизимга ишга кирувчи ҳар бир ходим бу борада қатъий огоҳлантирилади.

Адлия вазирлигида идоравий комплаенс тизими – юқори даражада касбий ва ахлоқий қоидалар ижросини таъминлаш, қонунчиликка ва ички тартиб қоидаларга риоя этилмасликка оид хатарларни камайтириш ҳамда Вазирликка жиддий моддий зарар етказилишини бартараф этиш ва мавқеи йўқотилишини бартараф этиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатлари ва Вазирликнинг ички идоравий ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирлар ва олдини олувчи ҳаракатлар доимий олиб борилади.

2019 йилда “Адолат” нашриётида чоп этилган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари китобчасида ходимлар олдига ўз обрўси ёки адлия органлари ва муассасаларининг нуфузига зарар етказишга йўл қўймаслик ҳамда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларга эга бўлиш, шу жумладан, юриш-туриш, кийиниш ва муомалада ўз ҳамкасбларига ижобий тарафдан ўрнак бўлиш каби тавсияларни қўйган.

Шу билан биргаликда адлия тизимида биринчи бўлиб “Очиқ адлия” лойиҳаси ишга туширилди. Лойиҳага кўра, адлия муассасаларига келган фуқаролар муассаса ичида бемалол ўзларининг мобиль қурилмаларидан фойдаланишлари, суҳбатни ёзиб олишлари мумкин.

Айтиш жоизки, бошқарма ва туман(шаҳар) адлия бўлимлари раҳбарлари ҳар чоракда бўлим фаолияти юзасидан ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиши белгиланган бўлиб, Сирдарё вилоятида ушбу чиқишлар тизимли йўлга қўйилган.

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси ва ҳудуддаги 11 та туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимлари билан юқоридаги мавзуда доимий тарғибот ишлари олиб борилади. Хусусан, бошқарма ходимлари учун тегишли давлат идоралари ва ташкилотлари масъул ходимлари иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилиб келинмоқда.

         Шу билан бирга мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан адлия ходимлари томонидан босма ва электрон ОАВлар, ижтимоий тармоқлар орқали кенг кўламли тарғибот ишлари йўлга қўйилган. Бу борада адлия ходимлари томонидан тарғиботнинг энг таъсирчан усуллари қўлланмоқда. Тарғибот инфографика, роликлар, мақолалар ва савол-жавоблар кўринишида олиб бориляпти.

Умид Бакиров,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси кадрлар бўйича бош маслаҳатчиси