Янгиликлар
ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ - ОЛИЙ ҚАДРИЯТ
Ҳар бир миллатнинг, давлатнинг тараққиёти бевосита амалдаги қонунлар билан белгиланади. Қонун устувор юртда адолат ҳукм суриб, виждон эркинлиги, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик таъминланади.
Парвардигорнинг инояти ила Ватанимиз истиқлолга эришганига чорак асрдан кўп вақт бўлди. Халқимиз ўзига, ўзлигига қайтиб, порлоқ келажак сари имон-эътиқод, ишонч ва умид билан одимламоқда.
Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий шартларидан бири шахснинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини рағбатлантириш ва жамиятдаги ҳар бир инсон ҳуқуқларининг амалий кафолатлари тизимини яратишдир.
1945 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилди ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари учун умумий кураш бошланди. Дунё халқлари, давлатлари бу йўлда бирлашишга даъват қилиниб, 1948 йил 10 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси инсон ҳуқуқлари бўйича 30 моддадан иборат Декларацияни қабул қилди. Бу ҳар бир инсоннинг табиий ва туганмас ҳуқуқ ва эркинликлари эълон қилинган асосий халқаро ҳужжат бўлиб, унга БМТга аъзо давлатларнинг аксарияти қўшилди. Декларацияда инсониятнинг барча вакилларига хос қадр-қиммат, уларнинг тенг ва ажралмас ҳуқуқларини тан олиш – эркинлик, адолат ва ялпи тинчлик масалалари белгиланди. Инсонларнинг шахсий, сиёсий ҳамда ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқлари кафолатланди.
Ўзбекистон Республикаси ҳам инсонпарвар демократик давлат, адолатли фуқаролик жамияти қуриш мақсадини кўзлаб, 1991 йил 30 сентябрда ушбу ҳужжатга қўшилди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари” деб номланган 2-бўлими мазкур Декларация талабларига тўла мос келади. Унда Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари тенг ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги таъкидланди. Бугунги кунгача республикамизда инсон ҳуқуқларига доир юздан ортиқ қонунлар қабул қилинди.
Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бир қатор ташкилотлар фаолият кўрсатмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 та асосий ҳужжатга қўшилган, БМТ томонидан қабул қилинган 10 та халқаро шартноманинг бевосита иштирокчисидир. Миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро стандартларни тизимли ва босқичма-босқич имплементация қилишнинг ўз модели, инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши мониторинги миллий тизими шакллантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги маърузасини тинглаган давлатлар раҳбарлари, дунё жамоатчилиги Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларга ўз баҳосини берди. Бу эса мамлакатда давлат, жамият ва фуқароларнинг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг тамойиллари ва қадриятларига эътиборини кучайтириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган самарали тадбирлар амалга оширилаётганидан далолатдир.
2020 йил Президент мурожаатномасида ҳам инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисида тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартлар жорий этилиши, яқин йилларда фуқаролик, жиноят, жиноят-процессуал, жиноят-ижро, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни янгитдан қабул қилиниши ҳамда мамлакатимизда узоқ вақтдан бери доимий асосда яшаб келаётганлар фуқаролар сингари барча ҳуқуқлардан фойдаланиши лозимлиги 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги автоматик тарзда берилиши даркорлиги таъкидланган.
Бундан ташқари, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда, низоларни судгача ҳал қилишда ва тарафларни яраштиришда адвокатларнинг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилмоқда.
Аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш Advice.uz ҳуқуқий маълумотлар тизими, ҳамда фуқароларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар хизматини кўрсатувчи “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилди.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва уни ҳимоя қилишнинг миллий механизмларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Адлия органлари ҳам бу борада самарали фаолият олиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида Боёвут туман адлия бўлимига фуқаролар томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид ариза, шикоят ва таклифлардан иборат 144 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шундан 112 та мурожаат қаноатлантирилган, 32 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган. Бу кўрсаткич мурожаатларни қабул қилиш ва уларни ижобий ҳал этишга қаратилган ишлар салмоғи нафақат юқорилаб бораётгани, балки халқнинг адлия органларига ишончи юксалиб бораётганидан далолатдир.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар ҳамда телефон орқали мурожаатларни қабул қилиш механизми ҳам яратилдики, бу фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш баробарида, адлия ва халқ ўртасидаги мулоқотни янада ишончли ва самарали амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистоннинг демократик ўзгаришларга содиқлигини намойиш қилиш, юртимизда кечаётган улкан ўзгаришлар ва янгиланишлар даврида, аввало, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш бирламчи вазифалардан бири ҳисобланади. Зотан, инсон ҳуқуқлари олий қадриятдир.
Абдуманнон Исмоилов
Боёвут туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси