Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

ИПОТЕКА КРЕДИТИ БЎЙИЧА ЯНГИЛИКДАН ХАБАРДОРМИСИЗ?


Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш, ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш, хусусий пудрат ташкилотларини уй-жойлар қурилишига кенг жалб қилиш ҳамда уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2020 йил 1 майдан бошлаб 2022 йил 1 январга қадар жисмоний шахсларга хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга рухсат берилди.

Хусусий пудрат ташкилотлари томонидан қуриб битказилган квартираларни, шунингдек, тайёр ҳолда топшириш шартисиз (пардоз ишларини амалга оширмасдан) қурилган квартираларни бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун бир қарз олувчига ажратиладиган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари:

-қишлоқ жойларида 2 хонали квартиралар учун 174 млн сўмдан 240 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 млн сўмдан 320 млн сўмгача;

-шаҳарларда 2 хонали квартиралар учун 180 млн сўмдан 240 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 млн сўмдан 320 млн сўмгача;

Тошкент шаҳрида 2 хонали квартиралар учун 198 млн сўмдан 264 млн сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 млн сўмдан 352 млн сўмгача оширилади.

Янги тартиб доирасида аҳолига ажратиладиган ипотека кредитлари (шу жумладан бугунги кунга қадар ажратилган ипотека кредитлари) муддати 15 йилдан 20 йилгача узайтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги янги тартиб доирасида тижорат банкларида жойлаштирган кредит ресурслари муддатини 15 йилдан 20 йилгача, тижорат банклари эса янги тартиб доирасида жисмоний шахсларга берилган ипотека кредитлари муддатини 15 йилдан 20 йилгача узайтирадиган бўлди.

Ўрнатилган янги тартибга мувофиқ, 2020 йил 1 майдан 31 декабрга қадар Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан хусусий пудрат ташкилотларига янги тартиб доирасида шаҳар ва қишлоқ жойларида 4 ва ундан юқори қаватли ҳамда Тошкент шаҳрида 7 ва ундан юқори қаватли кўп квартирали уй-жойлар қуриш учун ажратилган тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 8 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда кафиллик берилади, фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган ва суммаси 20 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, бироқ, 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тўланади. Бунда, кафиллик ва компенсациялар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги томонидан квартира бир квадрат метрининг тегишли ҳудуддаги ўртача бозор қиймати ҳамда 2-хонали, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар майдонининг белгиланган меъёрларини инобатга олган ҳолда кўп квартирали уй-жойлар қурилганда берилади.



Б.Ғайбуллаев,

Ширин шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси