Янгиликлар
Сўраган эдингиз...
Қандай ҳолларда никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тартиби тўғрисида маълумот берсангиз?
М. Акрамжонов, Гулистон шаҳри
Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 14-16 моддаларида белгиланган шартлар бузилганда, яъни никоҳ ихтиёрий тузилмаганда, никоҳланувчилар никоҳ ёшига етмаган тақдирда, шунингдек, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар юзага келганда;
сохта никоҳ тузилганда, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирганда;
никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш фақат суд тартибида амалга оширилади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қароридан нусха берилаётганда паспортга ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатга тегишли белги қўйилади.
Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суд чиқарган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ўн кун ичида ундан кўчирма никоҳ тузилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборилади.
Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси Дилноза Умурзоқова жавоб берди.