Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
САВОЛ: Вояга етмаган болалар ҳам хусусий мулк эгаси бўлиши мумкинми?
Ж.Омонов, Гулистон шаҳри
ЖАВОБ: Оила кодексининг 93-моддасига кўра, вояга етмаган болалар қонунда белгиланган тартибда хусусий мулк эгаси бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.
Вояга етмаган болаларнинг қонунда белгиланган тартибда ҳадя, мерос тариқасида олган мол-мулки, шунингдек шахсий меҳнати ва тадбиркорлик фаолияти натижасида орттирган мол-мулки уларнинг хусусий мулки ҳисобланади.
Вояга етмаганларнинг тадбиркорлик фаолиятига қўшган маблағи ва ундан орттирган даромади, агар бола билан ота-она ёки оиланинг бошқа аъзолари ўртасида бошқача тартибни белгиловчи шартнома бўлмаса, вояга етмаганларнинг хусусий мулки ҳисобланади.
Вояга етмаганларнинг шахсий фойдаланишидаги буюмлари (кийим-кечак, пойабзал, ишлаб чиқариш қуроллари, ўқув анжомлари ва бошқалар) уларнинг хусусий мулки ҳисобланади.
Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси Дилноза Умурзоқова жавоб берди.