Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
Савол: Ундирув қайси ҳолларда қарздорнинг иш ҳақига ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларга қаратилади, шу ҳақда қонунчиликда нималар назарда тутилган?
Н.Жалилова, Мирзаобод тумани Боғистон МФЙ
Жавоб: Қонунчиликда ундирув қуйидаги ҳолларда қарздорнинг иш ҳақига ёки бошқа унга тенглаштирилган тўловларга қаратилиши белгиланган.
Жумладан, даврий тўловларни ундириш тўғрисидаги қарорларни ижро этишда, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан кўп бўлмаган миқдордаги, шу жумладан йиғма ижро иши юритишга бирлаштирилган ижро ҳужжатлари бўйича ушбу миқдордаги пул суммасини ундиришда, ундирилаётган суммаларни тўлиқ узиш учун қарздорнинг мол-мулки бўлмаганда ёки унинг мол-мулки етарли бўлмаганда.
Шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздор жисмоний шахсга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ёки унинг умумий мулкдаги улуши бўлган ягона уйга (квартирага), агар қарздор ва (ёки) унинг оила аъзолари унда доимий равишда яшаётган бўлса қаратилмайди, ижро ҳужжатида ундирувни мазкур уйга (квартирага) қаратиш назарда тутилган ёхуд ушбу мол-мулк мажбурият бўйича гаров нарсаси бўлган ҳоллар бундан мустаснолиги қонунда белгилаб қўйилган.
Бундан ташқари, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган, қарздор ва унинг оила аъзолари нормал турмуш кечириши учун зарур бўлган уй анжомлари ва жиҳозлари, кийимлар ҳамда бошқа буюмларга ижро ҳужжатлари бўйича ундирувга қаратилиши мумкин эмаслиги мазкур Қонунда белгилаб қўйилган.
Саволга Мирзаобод туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ф.Сиддиқов жавоб берди.