Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

ЭНДИ ФАҚАТ ҚОНУНЛАРГА ТАЯНИБ ИШ ТУТИШ ВАҚТИ КЕЛДИ


Бугунги кунда, ҳукуматимиз томонидан суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш борасида бир қанча салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги ПФ-4850-сонли “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 21 февралдаги ПФ-4966-сонли “Ўзбекистон республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил
24 июлдаги ПФ-6034-сонли “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларининг қабул қилиниши билан судларнинг мустақиллиги янада мустаҳкамланди.

Хусусан, сўнгги Фармоннинг қабул қилиниши судларнинг чинакам мустақиллиги ва холисона иш олиб бориши учун зумин яратиб берди. 

Мазкур Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб  суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатилиб, Ўзбекистон Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи  бекор қилинади.

Бизга маълумки, назорат тартибида кўриладиган ишларнинг қонунчиликдан чиқариб ташланиши ҳамда суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида Бош прокурор ва улар ўринбосарларининг протест киритиш ҳуқуқининг бекор қилиниши ҳам судлар томонидан ишларнинг ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўрилишига олиб келади. Ваҳоланки, шу кунгача бу институтнинг мавжуд бўлиши ҳам бир қатор муаммо ва қаршиликларга сабаб бўлиб келмоқда эди. Фуқароларнинг биринчи инстанция судида ҳал бўлмаган ариза ва шикоятлари аппеляция ва кассация инстанция судларида кўриб чиқилиши, борингки, унда ҳам қаноатлантирилмаса, назорат тартибида шикоят ёки прокурор томонидан протест берилиш ҳолатлари амалиётда учраб турар эди. Бунинг натижасида суд процессининг узоқ муддатга чўзилиши ҳамда судларнинг ҳолат юзасидан ўз объектив ва субъектив фикрларини эркин ифода этолмай келаётганлигидан дарак бераётган эди.

Жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш ҳам суд амалиётига татбиқ этилиши жуда ўринли.

Сабаби, суд процессида кўрилаётган ҳар битта иш қонун билан белгилаб қўйилган тортишув тамойилларига риоя этилган ҳолда олиб борилса томонлар учун ҳам суд таркиби учун ҳам мақсадга мувофиқ бўлади.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Суд процесси қанчалик тарафларнинг музокаралари билан ўтса, ҳар кимнинг фикри ҳурмат билан тингланиб, унга нисбатан одилона йўл тутилса биз ўйлаймизки, судларнинг обрўйи янада ортиб халқимизнинг юксак ҳурмати ва ишончига сазовор бўлиб бораверади.  

Бундан ташқари, қуйидаги тартибларнинг жорий этилиши ҳам кўзда тутилган. Хусусан:

- туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

- апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

- Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;

- давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

- прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;

Бу амалиётнинг киритилиши прокурор томонидан суд чиқарган қарорларни аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратнинг янада кучайтирилишига ҳамда мурожаатнинг қонуний ҳал этилишига кўмаклашишдан иборат бўлади.

Шу билан биргаликда, қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш ҳам белгилаб қўйилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 11-моддасида Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланиши белгилаб қўйилган.

Ҳуқуқшунос сифатида, ҳар бир судъянинг дахлсизлиги ва чинакам мустақиллигига бирон бир тарзда путур етишига йўл қўйилмаслиги, шунингдек, унга четдан туриб турли хил қарорларни мажбуран қабул қилдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ деб ҳисоблайман.

Суд чиқарган қарорларга барча корхона, муассаса ва ташкилот раҳбар ва ходимлари оғишмай риоя этишлари ҳамда бажаришлари мажбурий. Бу  Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонунида ҳам ўз тасдиғини топган.

Ислом Маматов,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими