Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

27

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...


САВОЛ: Мени ноқонуний равишда ишдан бўшатиб буйруқ чиқаришди, бу буйруқни бекор қилиш учун қаерга мурожаат қилсам бўлади?

Ў.Жўрамуродов, Боёвут тумани, “Олмазор” маҳалласи


ЖАВОБ: Иш берувчилар одатда агар ходимлар меҳнат интизомини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузсалар, Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми 3 ва 4-банди билан ходимни ишдан бўшатишлари мумкин бўлади.

Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ҳолларда ишлаётган корхонангиз жойлашган ҳудуддаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (уларда меҳнат инспекторлари бор), прокуратура, ёки фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга мурожаат қилиш лозим бўлади.

Ходим ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилганлиги аниқланса, иш берувчига буйруқни бекор қилиш юзасидан аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази давлат меҳнат ҳуқуқ инспектори ёзма кўрсатма, прокуратура эса протест киритиши мумкин.

Ёзма кўрсатма ёки протест киритилиши ишга тиклашни кафолатламайди. Чунки булар бажарилиши мажбурий бўлган ҳужжатлар эмас. Иш берувчи ёзма кўрсатма ёки протест билан келишмаса уни рад этиши мумкин.

Ишдан бўшатилган ходим ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни олган кунидан бошлаб бир ойдан кечиктирмай тегишли фуқаролик судига даъво ариза киритиши лозим бўлади.

Чунки, Меҳнат кодексининг 270-моддасида шундай талаб белгиланган. Бир ойдан кечиктириб берилган даъво аризалар даъво муддати ўтказиб юборилганлиги важи билан рад этилиши мумкин.

Аризанинг прокуратура ёки меҳнат органларида ўрганилганлиги даъво муддатини тиклашга сабаб бўла олмайди. Лекин бундай ҳолатларда даъвогар ходимларда асослантирилган узрли сабабларни кўрсатган ҳолда даъво муддатини тиклаш юзасидан судга илтимоснома киритиш ҳуқуқи бор.

Ходимлар меҳнат ҳуқуқига оид масалаларда судга даъво ариза киритганда давлат божи тўлашдан озод этилади.


Саволга Боёвут туман адлия бўлими бошлиғи Жаҳонгир Шамирзаев жавоб берди.