Янгиликлар
СУД ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР СУДЛАР МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИ
Охирги йиллардаги суд органлари тизимидаги улкан ислоҳотлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги қирраларини яратди. Ҳуқуқ ҳамда қонун устуворлиги, ҳокимиятларнинг бўлиниш тамойили аниқлаштирилди. Ўзбекистонда кенг қамровли суд-ҳуқуқ ислоҳотлари олиб борилиб, демократик давлатнинг ҳуқуқий пойдевори яратилди. Мамлакатни янада кенг кўламда тараққий этиши, ривожланиши, барқарорликни таъминланиши, шунингдек, давлат бошқарувини модернизация қилишни такомиллаштириш масалалари кун тартибида турар экан, суд-хукук ислоҳотларини янги боскичга кутармасдан бунга эришиш қийин эди. Шу туфайли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда қабул қилган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ килиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари туғрисида”ги 4850-сонли Фармони айнан шу мақсадни кўзлаган.
Ушбу Фармон суд ҳуқуқ соҳасининг жуда кўп жабхаларини тубдан ислоҳ этишга дахлдор булди. Фармоннинг суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, ривожлантиришга тегишли талаблари айрим процессуал харакатларни тубдан ислоҳ этди.
Фармон асосида жуда катта ҳажмдаги суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ этишга оид комплекс чора-тадбирлар дастури қабул қилинди. Дастурда бир қатор янги конунларни ишлаб чиқиш ва уларни қабул қилиш, кўплаб қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ва суд-ҳуқуқ тизимига тегишли ташкилий масалаларни ҳам хал этиш масалалари назарда тутилган эди. Фармон суд-ҳуқуқ соҳасининг кўп йиллардан буён мунозарали бўлиб келган масалаларини қонуний ечимини топиш билан бирга, уларни босқичма-босқич янада такомиллаштириш йуналишларини белгилаб берди ва фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустахкамлашга сафарбар этилди. Ушбу Фармонда назарда тутилган суд тизимини изчиллик ва тизимли равишда ислоҳ этишни таъминлаш мақсадида Республика Президенти томонидан 2017 йил 17 февраль куни “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.
Ушбу Фармонда мамлакатни янада ривожлантиришнинг устувор йуналишларидан бири суд тизимини янада демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш хисобланиши қайд этилди. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши тузилди. Кенгаш судьялар ҳамжамиятининг органи хисобланиб, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишига кўмаклашиб келмоқда.
Кенгашнинг вазифалари Фармонда жуда ҳам кенг тарзда ифодаланган бўлиб, улар судьялик лавозимларига номзодларни танлов асосида танлаш, малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан судьяларни тайинлаш, шунингдек рахбар судьялик лавозимларига курсатиш учун тавсия бериш йули билан судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш буйича чора-тадбирлар кўриш каби масалалар Фармонда ўз аксини топган.
Фармонда кўрсатилган айрим бўғиндаги судьяларни Республика Президенти билан келишган ҳолда судьялар Олий Кенгаши лавозимларига тайинлайди ва озод қилади.
Шуни ҳам айтиш жоизки, Фармон билан суд органлари тизимида кенг жабҳадаги ислоҳот ўтказилиши назарда тутилган эди.
Унга кўра 2017 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хужалик судини бирлаштириш, фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасидаги суд ҳокимиятининг ягона олий органи - Ўзбекистон Республикаси Олий судини ташкил этиш масаласи ҳал этилди.
Ушбу ислоҳот нафақат суд органлари тизимини бошқаришдаги бир-бирини такрорловчи функцияларни бартараф этишга хизмат қилди, шунингдек, қонун ҳужжатлари талабларини бир хилда қўлланилишини, бир-бирига ўхшаш масалалар юзасидан ягона қарор қилиб, қонунларни бир хил татбиқ этилишини ҳам таъминлашга хизмат қилади. Маъмурий судлар фаолиятини тартибга солиш учун иккита қонун ишлаб чиқиш ҳам назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ хилишга бағишланган булиб, унда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йуналишлари этиб белгиланган.
Мазкур ислоҳотлар амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизнинг еттита моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилгани, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи - Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий Кенгаши ташкил этилгани, Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида давр талаблари асосида янгидан шакллантирилгани, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолат - судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани тизим ривожи йулида муҳим қадам бўлиб, бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганининг яққол исботидир.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида танланган катта қадамлардан бири, бу - ҳуқуқий-демократик жамият қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши ва мустақил суд ҳокимиятининг вужудга келиши бўлди.
Бош Қомусимизнинг 106-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади” деган ҳуқуқий нормада ўз аксини топди. Давлат ўз ваколатини давлат ва нодавлат ташкилотлар, сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари билан бўлишар экан, бундан, унинг кучи қирқилиб, ҳокимият сифатидаги таъсир қуввати заифлашиб қолади деган хаёлга бормаслик керак.
Чунки, кучли давлатнинг қудрати - фуқароларининг унга нисбатан хайриҳоҳлиги, давлатнинг ўз халқига қанчалик эркинлик ва имкониятлар яратиб берганлиги билан белгиланади.
Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ амалда жорий этилаётган чора-тадбирлар, хусусан, судлар тўғрисида, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида, судларни жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар буйича ихтисослаштирилиши муносабати билан қатор кодекслар ва қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилиниши одил судлов даражасини янги сифат босқичига кўтариб, ишларни кўриб чиқиш муддатларини анчайин қисқартириш имконини таъминлади.
Ўзбекистон Республикасида ҳозирги кунда 600 га яқин судлар мавжуд бўлиб, бу судларда қарийб 1400 нафар судья фаолият юритиб келмоқда. Ислоҳотлар, пировардида судлар воситасида жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўриш асносида, бу жараённинг истисносиз барча босқичларида ҳар иккала томоннинг тенглиги ва ўзаро беллаша олиши учун имкон яратиб бериш, айниқса, иқтисодиёт соҳасида содир этилган жиноятлар учун жазоларни сезиларли тарзда енгиллатиш ҳолатларини амалда таъминлади.
Турсунбой Каримов,
Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи