Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

Виждонсизлар ёхуд “савдогар оналар” ҳақида мулоҳазалар…


Ишдан кечроқ келдим. Иккита қалдирғоч эшигимга кираверишда панжарага хат-хабар учун ўрнатилган қути атрофида тинимсиз учар, чуғур-чуғури қулоқни ёрай дерди. Қушлар инидан полапонларнинг чийиллаши эшитилди.
“Аллоҳнинг қудрати, бу йил қалдирғочларимиз икки марта тухум қўйиб, жўжа очишди-я” деган хаёл ўтди миямдан. Чарчаганим учунми, эшикни тақиллатдиму, ҳеч қаёққа қарамай уйга кирдим.

Эшикни ёпдим ҳамки, чуғир-чуғур бошланди. Мени кутиб олган ўғлимдан сўрадим.

— Қалдирғочларга нима бўлган?

— Полапонларидан бири қутига тушиб кетиб, ўлиб қолибди, қандай тушиб кетган ҳайронман, эртага олиб бориб кўмиб қўяман, — деди ўғлим.

Бу қушчаларнинг болапарварлигини қаранг? Тинимсиз учиб, 5-6 та полапонини кичик ҳашоратлар билан боқишларини айтмайсизми? Ҳалиям кечаси бор, озгина тин олишади. Кун ёришгунча қалдирғочлар болаларини икки-уч марта қорнини тўйғазишга ҳам улгуради.

Шуларни ўйлаб, ота-онам ёдимга тушди. 11 нафар фарзандни катта қиламан, олий маълумот бераман деб, тиним билмасди иккови. Колхознинг ишидан ортиб, мол-қўй боқишарди, томорқа қилишарди. Бирортамизни “детдом”га бериш хаёлигаям келмаган, аниқ.

Кейинги бир ой ичида яқин-ора туманлардан келиб, Гулистон шаҳрида гўдакларини 17-18 минг долларга сотмоқчи бўлиб, қўлга олинган бемеҳр “она”лар ҳақида ижтимоий тармоқларда ўқиб қолдим.

Уларга қарата: “Хўш, кейинчи?” дегим келди. Бирини сотасиз, пулини сарфлайсиз, кейин пул керак бўлса, яна туғиб сотасизми? Сиз ўзингизни ким деб ҳисоблайсиз, одамми ё ҳайвон?

“Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун борлигини эшитгансиз, ўзингиз севган “Telegram” каналларида боласини сотмоқчи бўлганларнинг жазога тортилганликлари ҳақида ўқигансиз. “Улар эплолмаган, бола сотишни мендан ўргансин” демоқчи эдингизми ёки?

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясининг 35-моддасида: “Иштирокчи-давлатлар болаларни ўғирлаш, сотиш ёки уларни ҳар қандай мақсадларда ва ҳар қандай шаклларда контрабанда қилишнинг олдини олиш учун миллий, икки томонлама ва кўп томонлама даражада барча зарур чора-тадбирларни кўрадилар”, деб белгилаб қўйилган. Жиноят кодексининг VI боб, 135-моддасида ҳам одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун жазо чоралари белгиланган.

Ҳуқуқ тартибот органлари, шу жумладан, туман-шаҳар адлия бўлимлари томонидан “Одам савдоси ва унинг салбий оқибатлари, ушбу иллатга қарши курашиш” мавзусида жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллалар ва меҳнат жамоаларида, ўқув муассасаларида давра суҳбатлари, семинар ва учрашувлар ўтказилди. Карантин даврида адлия масъул ходимлари томонидан онлайн тарғибот давом эттирилмоқда. Одам савдоси ва унинг оқибатлари ҳақида телеэкранлар, радио, ижтимоий тармоқларда тинимсиз тарғибот материаллари бериб борилмоқда.

Шунга қарамасдан, ёш аёлларнинг бундай жирканч ишга қўл ураётганликлари мамлакатимиз қонунлари гуманизмга йўғрилганлиги, адашган инсонга яна бир бор имконият бериш, жазоларнинг либераллаштирилганлигини бошқача тушуниб, ўзларига хулоса чиқармаётганидами, деб ўйлаб қоласан киши.

Ёки бўлмасам, бобо-бувилар, ота-оналар қаёққа қараяпти? Гап уларнинг насли давомчиси ҳақида кетяптику?

Шу жойда ижтимоий тармоқларда кўрганим бир видеоролик ёдимга тушди. Адашиб қолган бузоқчани урғочи шер ўз қарамоғига олади. Уни барчадан қўриқлайди, ҳамжинсларидан жонининг борича ҳимоя қилади. Наҳотки шу ҳайвончалик болага меҳр бўлмаса баъзи аёлларимизда? Йўқчиликни баҳона қилманг, уруш даврида ҳам боболаримиз фронтда бўлган кезларида, бувиларимиз болаларини тишида тишлаб боқишган.

Аслида эса, бундайлар ўзларига ўзлари ҳукм чиқаришган. Вақти-соатида қисматларида битилган ҳукмга дуч келганларида пушаймон қилишади, аммо сўнгги пушаймон, ўзингга душман…

Зебо Ҳайдарова,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси масъул ходими