Янгиликлар
ТАРАҚҚИЁТ УЧУН МУҲИМ ОМИЛ
Маълумки, Ислом ўзидан олдинги барча самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик) ни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ўзининг қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйган. Қайси дин бўлмасин барча халқу элатларнинг маданият ва анъаналарига юксак эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зимма (мусулмонлар диёрида яшайдиган ўзга дин вакиллари)га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.
Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда.
Халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш лозим.
Бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Юртимизда нафақат ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳалар, балки заминимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинади.
Бу, айни пайтда Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётгани юксак эътиборининг намунаси ҳамдир.
Қолаверса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортган эди. Мазкур ҳужжат барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан “Жаҳолатга қарши маърифат”га асосланган жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Сирдарё вилоятида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, аҳолини ёт ғоялардан ҳимоя этиш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар Дастури ижроси юзасидан тарғибот ишлари амалга оширилди.
Хусусан, вилоят адлия бошқармаси ва туман(шаҳар) адлия бўлимлари томонидан туман ИИБ, туман Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари билан ҳамкорликда 25 маротаба турли тадбирлар, учрашув, давра суҳбатлари ўтказилди.
Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва профилактика қилиш ҳамда “Жиноят олами” ғоясини тиклашга уриниш ҳолатларига барҳам бериш борасида вилоят адлия бошқармаси ва туман(шаҳар) адлия бўлимлари томонидан туман ИИБ, туман Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман (шаҳар) кенгашлари, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари билан ҳамкорликда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.
Хусусан, туман ва шаҳарларнинг жиноятчилик энг кўп содир этилган ҳудудларида аҳоли билан 15 маротаба учрашувлар, меҳнат жамоаларида 10 маротаба давра суҳбатлари ўтказилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги 618-I-сон Қонунининг мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан тумандаги диний ташкилотларда, туман ИИБ, туман Давлат хавфсизлик хизмати, Ёшлар Иттифоқи туман (шаҳар) Кенгашлари ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари билан ҳамкорликда тадбирлар ташкил этилди.
Коронавирус пандемияси туфайли мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда олиб борилаётган онлайн тарғибот тадбирларида адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги бўлимлар фаоллик кўрсатишяпти. Адлия бўлимлари ходимлари тарғиботни онлайн тарзда, телевидение ва радио, асосан, ижтимоий тармоқлар орқали олиб боришмоқда.
Хусусан, юқоридаги мавзу юзасидан адлия масъул ходимлари апрель, май, июнь ойларида 20 га яқин савол-жавоб мазмунида видеоролик тайёрлашди, электрон нашрларда 5 та таҳлилий мақола чоп этилди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жамият тараққиёти ва фаровонлиги миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб, улар тинч-омон, аҳил-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод ватан қуришнинг муҳим шартидир.
Ўзбекистонда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган оқилона ислоҳотлар, амалий чора-тадбирларнинг ёрқин намоёндасидир.
С.Тоғаев, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари