Янгиликлар
Умрингиз заволга юз тутмасин - hudud24.uz
Глобал хавф-хатарлар ҳақида сўз борганида динлараро, миллатлараро низолар ва тўқнашувларни, ноқонуний қурол-яроғ ва наркотик савдоси, одам савдоси каби таҳдидларни тилга олмаслик мумкин эмас.
Айниқса, наркотик савдоси жаҳон миқёсидаги энг оғриқли муаммолардан бирига айланиб қолгани ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасига асосан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлишига оид ижтимоий муносабатларни тартибга солади ҳамда уларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлишига монелик қилиш, фуқаролар соғлиғини сақлаш ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилиб қўяди.
Мазкур қонуннинг 3-моддасида гиёҳвандлик (наркотик) воситалари — гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган ва Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган, келиб чиқиши синтетик ёки табиий моддалар, таркибида гиёҳвандлик моддаси бўлган препаратлар ва ўсимликларга киради.
Бутун курраи заминга кенг тарқалган бир иллат бугунги кунда ҳаммамизнинг ташвишга солмоқда. Бу иллат — гиёҳвандликдир.
Мутахассисларнинг таҳлилига асосан гиёҳвандлик юқори асаб тизимини қўзғатиб, ишдан чиқаргач, инсоннинг руҳий ва жисмоний саломатлигига путур етказади.
Организмдаги моддалар алмашинуви жараёни бузилади ва охир-оқибат бутун вужуд заҳарланади. Бора-бора инсон организми бундай моддаларни истеъмол қилмаса, қисман ёки бутунлай ишдан чиқадилар.
Мамлакатимиз наркотикларга қарши кураш борасидаги асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, яъни БМТнинг Конвенцияларига қўшилиб, улар доирасида иштирокчи давлатдан барча талаб этиладиган ҳаракатларни тўлалигича амалга ошириб келмоқда. Миллий қонунчилигимизда наркотик моддалар тарқалишининг олдини олишни кучайтириш, таркибида наркотик моддалар ва психотроп воситалар бўлган тиббий дори-дармонларнинг қонуний айланишини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот идораларининг тезкор ва эксперт-криминалистика фаолиятларини такомиллаштириш, гиёҳвандликка чалинган шахсларни даволаш ва бошқа муҳим масалаларнинг ҳуқуқий асослари белгиланган.
Наркомания ва наркобизнесга қарши кураш Халқаро ассоциациясининг маълумотларига қараганда, бугунги кунда гиёҳванд эркакларнинг ўртача ёши 31, аёлларники эса 28 ни ташкил қилади. Уларнинг 77 фоизи 39 ёшдан катта бўлмаган шахслар бўлиб, ярмидан кўпроғи 15-19 ёшли ўсмирлардир. Агар аҳвол шундайлигича қоладиган бўлса, дунё миқёсида уларнинг умумий сони яқин орада икки баравар ошиш хавфи бор эканлиги билдирилган.
Гиёҳвандлик воситаларининг катта миқдорда етиштирилаётгани ва сайёрамиз бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани келажаги учун қайғурадиган ҳар бир миллатни ташвишга солиши шубҳасиз. Аср вабоси деб аталаётган гиёҳвандлик исканжасига тушганларнинг аксарият қисми 15–35 ёш орасида бўлган йигит-қизлар бўлиб, жами 200 миллионга етади. БМТ экспертлари ўтказган тадқиқотлар хулосаларига кўра, жаҳонда ҳар йили тахминан 200 минг наркоман вафот этмоқда. Жаҳонда қайд қилинадиган ўлимларнинг 43 та сабабидан гиёҳвандлик оқибатида содир бўладиган ўлим 19 ўринда туради. Статистик маълумотлар бугунги кунда наркобизнес савдосидан тушадиган даромад йилига 400 миллиард долларни ташкил этишини кўрсатади.
Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон БМТнинг наркотик моддаларнинг назоратига оид конвенцияларига қўшилган. Ҳамда шу кунга қадар халқаро ҳамжамият олдида зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариб келмоқда.
гиёҳванд моддаларга муккасидан кетиш қуйидаги оқибатларга олиб келади. Талончилик, ўғрилик, фирибгарлик, оилаларга дарз кетиши, мажруҳ фарзандлар туғилиши, беҳаёлик, жиноят, қотиллик ва энг ёмони ўлимга олиб келади. Шу сабабли ҳам аср вабосидан эҳтиёт бўлинг.
Азизбек МАВЛАНОВ,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси масъул ходими