Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

23

АДЛИЯ БОШҚАРМАСИ ТАШАББУСИ БИЛАН МЕДИА-ТУР ТАШКИЛ ЭТИЛДИ


 Сирдарё вилоят адлия бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун медиа-тур ташкил этилди.

Журналистлар Гулистон шаҳар адлия бўлими фаолияти ва фуқаролар мурожаати билан ишлаш борасида  тажрибаси билан яқиндан таништирилди.

Айтиш жоизки, вилоятдаги  туман (шаҳар) адлия  муассасаларида  аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини шакллантириш,  маҳаллий ҳокимиятлар қарорларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш, қонунбузилишларга дуч келган фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида кенг кўламли  ишлар амалга оширилмоқда.

Вилоят адлия  бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари  Элдор Маҳкамов журналистларга  қонун ижодкорлиги, янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг ижросини таъминлаш борасида адлия органлари томонидан  амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича маълумот берди. Сўз олган Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Назар Қаршибоев 2020 йил бошидан буён   аҳоли ўртасида олиб борилаётган қонунчилик тарғиботи, шу билан бирга қаноатлантирилган фуқаролар мурожаатлари ҳақида гапира туриб, фуқаролар манфаатида киритилган тақдимномалар натижасида 4,5 млрд сўм компенсация ва турли тўловлар ундириб берилганлигига алоҳида  тўхталиб ўтди.

Медиа тур қизғин матбуот анжуманига айланиб кетди. “Халқ сўзи” газетасининг вилоятдаги мухбири Аҳмадали Шерназаров, “Народное слово” газетасининг вилоят даги мухбири, “Сирдарьинская правда” газетасининг бош муҳаррири Тўлқин Аҳмадалиев, “Сирдарё ҳақиқати” газетасининг Ҳуқуқий тарғибот бўлими мудири Ортиқ Султонов ҳамда бошқалар адлия фаолияти, айниқса, аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилотлари борасида  кўплаб саволлар бердилар. Ушбу ташкилот ҳамда адлия органларининг халққа янада яқинроқ бўлиши борасида ўз фикр-мулоҳазаларини ўртага ташладилар.

-      ОАВ вакиллари учун бундай тадбирларнинг ташкил этилиши жуда муҳим, - дейди “Народное слово” газетасининг вилоятдаги мухбири Тўлқин Аҳмадалиев. – Мутахассислардан қонунчиликдаги янгиликлар, уларнинг аҳоли учун муҳим жиҳатлари, адлия органлари томонидан фуқароларга кўрсатилаётган кенг қамровли ҳуқуқий хизматлар ҳақида эшитиш жуда мароқли бўлди. Айниқса, маҳаллий ҳокимликларнинг қарорлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши жуда муҳим тадбир. Шу билан бирга давлат хизматчиларининг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот ишлари ҳам бизга жуда манзур бўлди.

 Қизиғи шундаки, тадбир устида ташриф буюрган фуқаролар ҳам ушбу анжуманда қатнашиб, ўзларига тегишли маълумотлар олдилар.
-        Мен Гулистон шаҳридаги  Тараққиёт маҳалласидан  Жуманисо Қурбонова.  бўламан, - дейди тадбир сўнгида сўз сўраган фуқаро. – Сизларнинг  сўзларингизга қўшимча сифатида шуни айтмоқчиманки, адлия органлари аҳолининг беминнат кўмакчисига айланиб улгурган. Мен фуқаро сифатида ўзим дуч келган муаммо – уй-жойим “снос”га тушганлиги муносабати билан компенсация тўлови бўйича бормаган жойим қолмаган эди. Бир ойча аввал Гулистон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилишни  маслаҳат беришди. Келдим, мурожаатимни қабул қилиб олишди. Мурожаатим бир кунда ҳал бўлганига рости, ўзимнинг ҳам ишонгим келмаган. Аммо, ҳақиқатан, минг раҳмат адлия бўлимидагиларга, бир кунда ҳал бўлди, пулимни пластик картамга тушириб беришди. Ҳозир муаммога дуч келган қариндошимни етаклаб келдим бу ерга. Матбуот анжуманини кўриб, кетгим келмай қолди. Ишонинг, бундай тадбирлар биз учун ҳам жуда қизиқ.
      Медиа-тур иштирокчилари  адлия бўлими ходимларининг фуқароларни қабул жараёнлари билан танишдилар.   Анжуман бир пиёла чой устида давом этди.