Янгиликлар
ҚОНУН ХОТИН-ҚИЗЛАР ҲИМОЯСИДА
Юқоридаги каби воқеаларни кўпчилигимиз эшитганмиз. Кўрганмиз. Баъзан, шундай ҳодисалар яқинларимизнинг уйида рўй берган. Баъзан хотин-қизларимизнинг ишхоналарда турли сабабларни рўкач қилиб камситилганини кўрганмиз.
Шу боисдан ҳам, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунларининг қабул қилиниши, хотин-қизларимиз учун жуда бир қувонарли ҳолат бўлди десак ҳеч янглишмаган бўламиз.
Эндиликда, мазкур Қонунлар орқали уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тўла-тўкис таъминланиши учун барча давлат органлари ва мансабдор шахслар бирдек харакат қилиши кераклиги белгилаб қўйилди. Шу ўринда яна бир ҳолатни эслатиб ўтмоқчиман. Агар ҳар биримиз эътибор бераётган бўлсак, ҳаёт жабҳаларида рўй бераётган мудхиш ҳолатларнинг аксарияти хотин-қизларимиз билан боғлиқ. Ваҳоланки, аёлларимизнинг ҳимоячиси йўқлиги ва уларнинг эркаклар томонидан турли-ҳил қийноқларга, тазйиқларга учраётганлиги ачинарли бир ҳолат сифатида қузатилмоқда. Мана шу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш мақсадида президентимиз томонидан мазкур Қонунлар қабул қилинди. Ушбу Қонунда хотин-қизларимизни ҳимоя қилишнинг барча механизмлари ишлаб чиқилди. Бинобарин, ҳар битта Қонуннинг мақсади бўлгани каби, мазкур Қонуннинг ҳам ўзига ҳос мақсади бор.
Шу нуқтаи назардан ҳам, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг асосий мақсади нима эканлигига даққатимизни қаратиб ўтсак, биз ўйлаймизки мақсадга мувофиқ бўлади. Биринчи навбатда мазкур Қонуннинг асосий мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Албатта, сизларда зўравонликнинг барча шакллари нима экан деган савол туғилиши табиий ҳолат. Мисол учун, зўравонликнинг бир қанча кўриниши мавжуд бўлиб, улар қуйидагилар ҳисобланади; жинсий зўравонлик, жисмоний зўравонлик, иқтисодий зўравонлик, руҳий зўравонлик ва бошқалар.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли органларга ҳам тўхталиб ўтсак.
- Вазирлар Маҳкамаси;
- Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари;
- Ички ишлар органлари;
- Меҳнат органлари;
- Таълимни давлат томонидан бошқариш органлари;
- Соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари;
- Хотин-қизлар қўмитаси;
- Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтлари.
Ваколатли органлар томонидан дастлаб қилинадиган иш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсни ҳимоя механизми, кўрсатиладиган ёрдам ва хизматлар тўғрисида унга тушунарли тилда таништириши, тазйиқ ёки зўравонлик ишлатилганлик ҳолатлари бўйича якка тартибдаги чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.
Шунингдек, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир қуйидаги чора-тадбирлар ҳам амалга оширилади:
- профилактика суҳбатини ўтказиш;
- ҳимоя ордерини бериш;
- тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни махсус марказларга жойлаштириш;
- зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш.
Профилактика суҳбатини ўтказиш - муайян шахсни жамиятда умум қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишга ишонтириш, ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ижтимоий ҳамда ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш, шунингдек қонунда белгиланган жавобгарлик тўғрисида огоҳлантириш.
Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери берилади.
Ҳимоя ордери - тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида ва ўттиз кун муддатгача берилиши лозим. Тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсга ҳимоя ордерининг нусхаси топширилади. Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни махсус марказларга жойлаштириш жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакилининг талаби бўйича 30 кунгача бўлган муддатга амалга оширилади.
Бундан ташқари, зўравонлик содир этган ёки уни содир этишга мойил бўлган шахс зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтади. Тузатиш дастуридан ўтиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ҳар бир шахс ўз шаъни, қадр-қиммати ва обрўсига қилинган тажовузлардан ҳамда шахсий дахлсизлик ҳуқуқидан фойдалангани каби, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахслар ҳам мазкур ҳуқуқлардан фойдаланади. Хусусан, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсларга оид барча маълумотлар қонун ҳужжатлари билан қўриқланади. Уларга оид бўлган маълумотларни хеч бир шахс ошкор қилишга ҳақли эмас. Уларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган тартибда жавобгарликка тортилади.
Яна бир муҳим масалага эътиборимизни қаратиб ўтишимиз жоизки, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги, яъни гендер тенглиги ва мана шу тенгликни амалга ошириш учун аёлларга кўпроқ эътибор берилиши юзасидан бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ, аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги мавқейи ҳамда ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси бўлишдаги мавкейи бироз паст. Мана шу каби масалаларда давлатимиз томонидан қилинадиган ишлар салмоғи жуда кўп. Шунинг учун ҳам, Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар
ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Аммо, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши билан унинг ижроси ўз ўзидан таъминланиб қолмайди. Қачонки, барча давлат органлари, масъул мансабдор шахслар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари жойларга чиқиб унинг мазмун-моҳиятини халқимиз онги-шуурига сингдира олса, албатта ўйлаган натижаларимизга эришган бўламиз. Чунки, гендер тенглиги ва гендер сиёсати масаласида бугунги кунда халқаро экспертлар ва давлатимиз раҳбарлари томонидан ҳар томонлама, чуқур ўйланган дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Эндиликда, мазкур Қонун орқали хотин-қизларимиз эркаклар билан ёнма-ён давлат бошқарувининг исталган босқичида эмин-эркин иштирок этиши кўрсатилган. Шу билан бирга, оилада, меҳнат жараёнларида, таълим, илм-фан соҳасида, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамда фарзанд тарбияси билан боғлиқ муносабатларда ҳам тенг ҳуқуқлилиги белгилаб қўйилди.
Хулоса ўринда шуни айтиб ўтмоқчиманки, ҳар биримиз жамият
ва давлат ишларига бефарқ бўлмай, юрбошимиз томонидан олиб борилаётган одилона ислоҳотларга сидқи дилдан ёндашиб, хотин-қизларимизга
ва онахонларимизга яхши муносабатда бўлиб, уларнинг ҳурмат ва иззатини жойига қўйиб яшасак, жамиятимизда соғлом турмуш тарзи бардавом бўлади.
Қачонки оилада тинчлик устувор бўлса, эртанги кунга бўлган ишонч ҳисси ҳам устувор бўлади. Бундан ташқари, ўзбек халқининг азал-азалдан сақланиб келаётган ўзига хос урф-одатларидан бири бу – ота-онанинг фарзанд олдидаги, фарзанднинг эса ота-она олдидаги мажбуриятларини ҳеч қачон ёдимиздан чиқармаслигимиз лозим.
Ислом Маматов,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси
ННТ билан ишлаш бўлими масъул ходими