Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Рақамли иқтисодиёт коррупция ва “қора иқтисодиёт”ни инқирозга маҳкум этади


Давлатимизда  2020 йил — Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди. Йилга мос равишда, эндиликда барча давлат органлари ва ташкилотлари аҳолига қулай ва сифатли бўлган тезкор усулга, яъни мурожаатларни қабул қилишнинг электрон тизимига ўтиши кўзда тутилди. Бу тизим, ўз ўрнида ҳар бир давлат органи ва ташкилот раҳбарига қийинчилик туғдириши табиий ҳол. Бироқ биз ушбу рақамли иқтисодиёт ва технологияни йўлга қўйиб олсак, нафақат давлатимиз иқтисодиёти учун балки фуқаролар учун ҳам фойдали бўлиши аниқ.

Шиддат билан ривожланиб бораётган бугунги кунимизни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиш ҳар биримиз учун қийин, албатта.

Шу ўринда рақамли иқтисодиёт ҳақида тушунча бериб ўтсак. Рақамли иқтисодиёт — бу иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларни рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга ошириш тизимидир. Баъзида у интернет иқтисодиёти, янги иқтисодиёт ёки веб-иқтисодиёт деган терминлар билан ҳам ифодаланади.

Таъкидлаш жоиз, бу каби ишларни янада жонлантириш мақсадида Президентимизнинг  2020 йил 19 майда “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Ушбу Фармонга асосан 2020-2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унда бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.

Соҳага рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида Адлия вазирлигига қуйидаги бир қатор вазифа ва функциялар юклатилган. Хусусан:

*  жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлашга қаратилган изчил ҳуқуқий сиёсатни такомиллаштириш;

*    барча соҳаларда қонунчиликни тизимлаштириш ва кодификациялаш ишларини самарали йўлга қўйиш, қабул қилинганига кўп вақт бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва уларни бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотларга уйғунлаштириш;

*    фуқароларнинг кундалик ҳаётида учрайдиган ҳуқуқий муаммоларни таҳлил қилиб бориш, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари такомиллаштирилишини таъминлаш;

*    жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни жорий қилиш ва ривожлантириш;

*    қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмуни ва аҳамиятини аҳоли, тадбиркорлик субъектлари ҳамда хорижий инвесторларга етказиш кўламини кенгайтириш, бу борада тармоқ вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини ошириш;

*    маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида мунтазам равишда такомиллаштириб бориш;

*    давлат бошқаруви тизимининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

*    халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон Республикаси ўрнининг яхшиланишига тўсқинлик қилаётган ҳуқуқий омиллар юзасидан фундаментал ҳуқуқий тадқиқотлар ўтказилишини таъминлаш;

*    адлия органлари ва муассасалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш орқали “виртуал адлия” тизимини ишга тушириш белгиланди.

Шу ўринда бир савол туғилади. Рақамли иқтисодиётнинг оддий иқтисодиётдан фарқи нимада?

Масалан, харидорга пойафзал керак. Уни бозорга тушиб ўзи бевосита танласа ва нақд пулга сотиб олса, бу анъанавий иқтисод. Телеграмдаги бирон савдо боти орқали ўзига маъқул товарни танлаб, товар эгасига пулни электрон тўлов тизими орқали тўлаш ва товарни етказиб бериш хизмати орқали олиш — рақамли иқтисодиёт дейилади. Бу масалани энг содда маиший мисол орқали тушунтиришдир. Аслида, ҳаммамиз аллақачон рақамли иқтисодиёт ичидамиз, унинг қулайликларидан фойдаланамиз. Масалан, ойликларимиз пластик карталарга тушади, электрон тўлов орқали коммунал хизматлар, телефон, интернет ва бошқа маҳсулот ва хизматларга тўлов қиламиз, электрон тарзда солиқ декларацияси топширамиз, картадан картага пул узатамиз, уйга таом буюртма қиламиз ва ҳоказо.

Рақамли иқтисодиёт — бу нолдан бошлаб яратилиши лозим бўлган қандайдир бошқача иқтисодиёт эмас. Бу янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделлари яратиш ва уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчириш деганидир.

Белгилари:

* юқори даражада автоматлаштирилганлик;

* электрон ҳужжат алмашинуви;

* бухгалтерлик ва бошқарув тизимларининг электрон интеграциялашуви;

* маълумотлар электрон базалари;

* CRM (мижозлар билан ўзаро муносабат тизими) мавжудлиги;

* корпоратив тармоқлар.

Қулайлиги нимада?

  1. Тўловлар учун харажатлар камаяди (масалан, банкка бориш учун йўлкира ва бошқа ресурслар тежалади);
  2. Товарлар ва хизматлар ҳақида кўпроқ ва тезроқ маълумот олинади;
  3. Рақамли дунёдаги товар ва хизматларнинг жаҳон бозорига чиқиш имкониятлари ката;
  4. Фидбек (истеъмолчи фикри)ни тез олиш ҳисобига товар ва хизматлар жадал такомиллаштирилади;
  5. Тезроқ, сифатлироқ, қулайроқ.

Мисол учун, Рақамли платформаларнинг ривожланиш соҳасидаги ёрқин мисоллардан бири сифатида “Алибаба” электрон савдо тизимига эга бўлган Хитой  компаниясини келтириб ўтиш мумкин. Ундан фойдаланиш тажрибаси шуни кўрсатадики, маълумотлар тўплаш жараёнида иқтисодиётнинг турли секторларига экспансия учун ўта рақобатли устунликлар яратилади. “Алибаба” бу — оддийгина рақамли платформа эмас, балки платформалар экотизимидир.

Хулоса ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳар бир фуқарода рақамли иқтисодиёт бизга нима беради деган савол туғилиши табиий ҳол, албатта. Рақамли иқтисодиёт инсонларнинг турмуш даражасини сезиларли даражада оширади, бу унинг асосий фойдасидир.

Рақамли иқтисодиёт коррупция ва “қора иқтисодиёт”нинг асосий кушандасидир. Чунки рақамлар ҳамма нарсани муҳрлайди, хотирада сақлайди, керак пайтда маълумотларни тез тақдим этади. Бундай шароитда бирон маълумотни яшириш, яширин битимлар тузиш, у ёки бу фаолият ҳақида тўлиқ ахборот бермасликнинг иложи йўқ, компьютер ҳаммасини намоён қилиб қўяди. Маълумотлар кўплиги ва тизимлилиги ёлғон ва қинғир ишларга йўл бермайди, чунки тизимни алдаш имконсиз. Натижада “ифлос пулларни” ювиш, маблағларни ўғирлаш, самарасиз ва мақсадсиз сарфлаш, ошириб ё яшириб кўрсатиш имкони қолмайди. Бу эса иқтисодиётга легал маблағлар оқимини оширади. Солиқлар ўз вақтида ва тўғри тўланади, бюджет тақсимоти очиқ бўлади, ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағлар ўғирланмайди, мактаблар, касалхоналар, йўлларга ажратилган пуллар тўлиқ етиб боради ва ҳоказо.

Давлатнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўлини танлаганлиги ахборот технологиялари соҳасида ва умуман, электрон ҳужжатлар айланмаси соҳасида янги йўналишларни очиб беради. “Рақамли технологиялар” томон бурилишга бутун жаҳон интернет тармоғи ва сифатли алоқанинг ривожланиши сабабчи бўлди.

С.Тоғаев,
 Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари