Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

ДИНИЙ-МАЪРИФИЙ СОҲА ВАКИЛЛАРИНИНГ ЎРНИ ВА ИШТИРОКИ ОРТИБ БОРМОҚДА


Бугунги кунда ҳар биримиз шиддат билан ривожланиб бораётган Ўзбекистондек буюк ва бетакрор бўлган қудратли давлатнинг этник келиб чиқиши ва минг йиллик тарихига назар соладиган бўлсак, ўзбек миллатининг кўп асрлик миллий ва диний қадриятларининг мавжудлиги барчамизни қувонтирмасдан қўймайди.

Шу ўринда дин билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни келтириб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Булар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари.

Бинобарин, Конституциянинг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди, деб белгилаб қўйилган.

 Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан диний соҳани ислоҳ қилиш борасида 2018 йил 16 апрель куни “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5416-сонли Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармонни қабул қилишдан асосий мақсад ҳам неча минг йилликлардан бери аждодларимиз томонидан мерос бўлиб келаётган кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини оширишни ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда.

Халқимизга азал-азалдан хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

Қуйидагилар диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди.

«Жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш;

ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш;

динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш;

жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш;

жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш;

диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;

глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш;

диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш каби устувор йўналишлар белгиланди.

Ушбу Фармондан шу нарса кўриниб турибдики, диний ва дунёвий билимларга бўлган эътибор кун сайин ортиб бормоқда. Албатта, Президентимиз томонидан бу каби хайрли ишларга шахсан ўзи бош-қош бўлиши жуда қувонарли ҳолат. Бир нарсани айтиб ўтиш керакки, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши биланоқ юртимиз бўйлаб ёшлар ўртасида қуръон мусобақаларининг уюштирилиши кутулмаган бир шов-шувга айланди. Бизга маълумки, дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини билан бирга бошқа самовий динлар ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. Дин туфайли инсоният минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва мероси, ўзлигини омон сақлаб келган.

Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, динни нотўғри талқин қиладиганлар ҳам халқимиз орасида учраб турибди. Аҳолининг кўпчилигида жиҳод нима эканлиги тўғрисида ҳали-хануз аниқ бир тушунча йўқ. Ислом динини ниқоб қилиб жиҳод йўлига кирганлар эътиборига шу нарсани етказиб қўймоқчиманки, бу йўл билан инсонларни қийнаш, уларга зўравонлик қилиш ва шавқатсиз муносабатда бўлиш эмас, балки она-ватаннинг тинчлиги, озодлиги ва ҳурлиги учун курашмоқлик кераклигидан далолат беради.

Бундан ташқари, ўз оиласига ғамхўрлик қилиш, ўз юртини ёвуз кучлардан ҳимоя қилиш ҳамда юрт осойишталиги учун жонини фидо қилиш жиҳод қилишликнинг чинакам намоёндасидир.

  Биринчи Президентимиз И.Каримовнинг “Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин” деган сўзлари қулоғимиз остида ҳали-хануз жаранглаб турибди.

Хулоса қилиб айтганда, глобал муаммо сифатида эътироф этиб келинаётган “Диний экстремизм ва терроризмга қарши” курашда фуқароларнинг мафкуравий иммунитетини ошириш ва маънавиятини юксалтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Шундай экан, фарзандларимизни ёвуз кучларнинг қўлига бериб қўймаслигимиз, улар  тарбиясига масъулият билан қарашимиз ҳамда биз Диний идоранинг жойлардаги ходимлари, оила, маҳалла, таълим муассасалари билан узвий ҳамкорликни янада кучайтиришимиз, жойларда ота-оналарни ўз фарзандларининг тарбиясига алоҳида эътибор берган ҳолда, уларни доимо назорат қилиб бориши жуда муҳим эканлигини қатъий тушунтириб боришимиз зарур. Зеро, фарзандларимизнинг келажакда етук, комил инсон бўлиб етишиши уларнинг ҳаётда олган тарбияларига боғлиқ.

И.Маматов

Нодавлат нотижорат ташкилотлари бўлими катта маслаҳатчиси