Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...


Жавоб: 02.09.2019 йилдаги «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ЎРҚ-561-сон Қонун эълон қилинди.

Ҳужжатда тазйиқ ва зўравонлик атамалари, шунингдек уларнинг жинсий, жисмоний, иқтисодий, руҳий шакллари келтирилган. Аёллар бир қатор ваколатли органлар – Вазирлар Маҳкамаси, жойлардаги маҳаллий давлат органлари, ИИО, меҳнат органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ҳамда таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш тизими ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан турли шаклда ҳимоя қилинади.

Тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш чора-тадбирлари умумий ва якка тартибдаги чора-тадбирларга таснифланади. Биринчиси, масалан, бундай ҳолатларнинг статистик ҳисоби ва ҳисоботи, жабрланувчиларни хабардор қилиш, ишонч телефони ишлаб туришини таъминлашдан иборат. Якка тартибдаги чора-тадбирлар қуйидагилар ўз ичига олади:

- профилактика суҳбати – тазйиқ ва зўравонлик ҳолларини аниқлаган ваколатли орган вакили томонидан тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишга мойил шахслар билан ўтказилади;

- ҳимоя ордерини бериш – бу ҳужжат жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этади, бунда хотин-қизларга тазйиқ ўтказган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахслар ёки бир гуруҳ шахсларга нисбатан муайян чоралар қўлланади, шу жумладан уларнинг жабрланувчи билан алоқасига йўл қўйилмайди ва бир хонада бирга бўлиши тақиқланади, уларнинг зиммасига жабрланувчиларни даволаш, маслаҳат бериш, ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказга жойлаштириш харажатлари, моддий ва маънавий зиённи қоплаш мажбурияти ва бошқалар юклатилади. Ордернинг амал қилиш муддати – 30 кун, хавф ҳали бартараф этилмаган бўлса, муддат яна 30 кунга узайтирилиши мумкин;

- ёрдам кўрсатиш махсус марказларига жойлаштириш – жабрланувчининг хоҳишига кўра 30 кунгача бўлган муддатда амалга оширилади (зарурат бўлганда – муддат узайтирилади), бунда унинг иш жойи сақлаб қолинади (марказда бўлиш вақти олий ўқув юртидан чиқариш учун асос бўлмайди, таҳр.) ва харажатларни айбдордан ундириш ҳуқуқи берилади;

- зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастурларидан ўтиш – шахснинг зўравонликка мойил хулқ-атворини ўзгартиришда унга руҳий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга қаратилган чора-тадбирлар. Тузатиш дастурларини ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар қонун ҳужжатлари билан қўриқланади, уларни ошкор этган шахслар жавобгарликка тортилади.


Саволга Мирзаобод туман адлия бўлими бошлиғи Х.Ахмедов жавоб берди.