Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

“МАДАД” ННТ –ХАЛҚҚА ҲУҚУҚИЙ МАДАД БЕРМОҚДА


Барчамизга маълумки, 2019 йил 6 сентябрдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 741-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, мазкур қарорни қабул қилишдан асосий кўзланган мақсад бевосита аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир ишлар самарадорлигини янада ошириш, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлик даражасини ошириш, аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш ҳисобланади.

Хусусан, ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан «Advice.uz» (e-maslahat.uz) ҳуқуқий ахборот портали ишга туширилди ҳамда мазкур портал орқали Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (кейинги ўринларда фуқаролар деб аталади) онлайн режимда бепул ҳуқуқий маслаҳат олишлари учун қулай имкониятлар яратилди.

Шунингдек, “Мадад” — муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмалари, шунингдек, туман (шаҳар)ларда уларнинг ҳуқуқий маслаҳат  фаолият юритиб келмоқда.

Шу нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда “Мадад” — муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти Сирдарё, Гулистон ва Сайхунобод туманларида ҳам ўз иш фаолиятларини бошлаган.

Шу ўринда, “Мадад” нодавлат нотижорат муассасанинг Сирдарё туман бюроси бош мутахасиси Джаббаров Ўктам Манғитович томонидан қилинган ишларни ҳам батафсил ёритиб ўтсак, биз ўйлаймизки мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Бинобарин, Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани ҳуқуқий маслаҳат бюросининг advice.uz порталига жорий йилда 335 та турли хил соҳага оид мурожаатлар келиб тушган бўлиб, шулардан 185 таси эркакларга, 150 таси аёлларга тааллуқли. Айни вақтда, бюро ходимлари томонидан ушбу фуқароларга қонун доирасида бепул ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериб келинмоқда.

Юқоридаги мурожаатларнинг 18 таси банк, 33 таси тадбиркорлик, 1 таси давлат хизматлари, 28 таси ер ва қишлоқ хўжалиги, 29 таси ижтимоий ҳимоя (пенсия, нафақа ва моддий ёрдам), 3 таси истеъмолчи ҳуқуқларини тиклаш ва шунга ўхшаш ҳар хил масалаларда advice.uz порталига мурожаат қилган.

Шунингдек, Сирдарё вилояти, Гулистон тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси С.Ходжаназаров томонидан қилинган ишларни ҳам сарҳисоб қиладиган бўлсак, Гулистон туманида яшовчи фуқароларни қизиқтирган ҳар хил тусдаги ҳуқуқий масалалар бўйича жами 41 нафар фуқарога беминнат ҳуқуқий хизмат кўрсатилган. Уларни тоифасига қараб таҳлил қиладиган бўлсак, 29 нафарини эркаклар, 12 нафарини аёллар ташкил қилади. Шулардан, ижтимоий масалалар бўйича 6 та, оилавий масалалар бўйича 3 та, меҳнат муносабатлари бўйича 4 та, давлат хизматлари соҳаси бўйича 2 та ҳамда бошқа турдаги мурожаатлар advice.uz порталига келиб тушган ва фуқароларга етарлича тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.

Хулоса ўринда шуни айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда шиддат билан ривожланиб бораётган Ўзбекистонни ҳамда мазкур жаннатмакон юртда истиқомат қилиб келаётган ўзбек халқини мана шу замонга хос қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлиги ҳамда дунёқарашини юксалтиришда албатта давлатимиз томонидан яратиб берилаётган мана шундай бепул ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи ташкилот ва муассасаларнинг ўрни беқиёс саналади. Бунинг учун ҳар бир муассаса раҳбарлари ўз касбига меҳр билан ёндашиб, аҳолини қийнаётган муаммоларни жойида хал қилса, халқимиз бундан мингдан минг рози бўлиб, давлат ташкилотлари ва муассасалари раҳбарларига бўлган ишонч ортишига олиб келади.

Мазкур муассасани ташкил қилишдан асосий мақсад ҳам фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатда синчиклаб кўриб чиқишни ва ҳал этишни таъминлашдир. Муҳтарам президентимизнинг “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” деган хитоби  ушбу муассаса раҳбарларига ҳам тааллуқлидир.

И.Маматов,   

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлими катта маслаҳатчиси