Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Тошпўлат аканинг тўйи тез тугади


Маҳалламизда яшовчи Тошпўлат ака ўғлини уйлантириш ҳаракатида эди. Хонадонига муносиб яхши номзодга совчи бўлиб ҳам боришди. Аммо пандемия муносабати билан карантин эълон қилиниб, тўй қилиш, элга ош беришни ният қилган маҳалладошимнинг истаги амалга ошмай қолди. У ташвишга тушиб, нима қилишини билмай, бошини чангаллаб қолди. Яқинда 30 кишилик тўй қилишга рухсат берилгани Тошпўлат ака сингари эзгу ишларни бошлаган кўплаб юртдошларимиз учун хушхабар бўлди.

Тошпўлат ака, катта тўй қиламан деб йиғиб-терганидан ортганига ёш оила учун уй жиҳозлари, бошқа керакли буюмларни харид қилди ва яна бир қисмини Сардоба сув омборидаги талофатдан азият чеккан ватандошларига хайр-эҳсон қилди. Карантиндаги тўй савобларга уланди, оила бюджети тежалди.

Республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, 2020 йил 1 июндан бошлаб “яшил” ҳудудларда бир қатор фаолият турлари қаторида оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишга рухсат берилди. Бунда тантана ва маросимлар фақатгина фуқароларнинг уй-жойи ва ҳовлисининг ўзида 30 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказилиши мажбурийдир.

30 кишилик таркибга, биринчи навбатда, оилавий тантана ва тўй эгалари, маърака ва маросим ташкил этувчилар, уларнинг яқин қариндошлари, қўни-қўшниларнинг кам сонли вакиллари киритилади. Шунингдек, оилавий тантана ва тўй эгаларининг истакларига кўра, иштирокчилар сонидаги чеклов доирасида хонанда ва бошқа хизматларни бажарувчи ходим қатнашиши мумкин.

Оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда қуйидагиларга қатъий амал қилиш талаб этилади:

* оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни фақат махсус комиссия томонидан белгиланган “яшил” тоифадаги ҳудудларда ўтказиш (дафн маросимлари бундан мустасно);

* “яшил” тоифадаги ҳудудларда ўтказиладиган оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларда иштирокчи этувчилар сонини 30 кишидан оширмаслик;

* оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этиш.

Дарвоқе, карантин даврида оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказишнинг белгиланган талабларига риоя қилмаган фуқаролар ўрнатилган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.

Ҳамид АҲМЕДОВ,
Мирзаобод туман адлия бўлими бошлиғи