Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

МАДАНИЯТ ВА САНЪАТ СОҲАСИГА КАТТА ЭЪТИБОР


Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жорий йилнинг 26 май куни Президентимиз томонидан имзоланган “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони миллий маданиятимизни, бой тарихимизни, ўзбек санъатининг истиқболини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Фармон соҳада йиғилиб қолган айрим муаммоларнинг ҳуқуқий ечимини топиш имконини ҳам яратади. 2021 йил 1 январдан бошлаб:

концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш, лицензиатларнинг давлат реестрини юритиш, уларнинг фаолияти ва эришган натижалари ҳақидаги ахборотларни киритиб бориш Концерт-томоша фаолияти иштирокчиларининг ягона онлайн портали орқали амалга оширилади;

концерт-томоша тадбирига бир марталик рухсатнома бериш учун ундириладиган йиғим бекор қилинади;

давлат органлари ва ташкилотларининг асосий вазифа ва функцияларидан келиб чиқиб, уларнинг ташаббуслари билан ўтказиладиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирлари ҳар йили тасдиқланадиган оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларининг календарь режалари (кейинги ўринларда — календарь режалар) асосида ўтказилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг календарь режаларда назарда тутилмаган давлат тадбирларини ўтказишни назарда тутувчи қарорларида ушбу тадбирларни ташкил этиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар бўйича буюртмачилар ҳамда уларни молиялаштириш манбалари кўрсатилади;

концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахслар томонидан давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг буюртмаларига асосан кўрсатиладиган барча хизматлар ёзма ва ҳақ эвазига тузиладиган шартнома асосида тақдим этилади, концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи давлат муассасалари ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бундан мустасно.

Яна бир муҳим жиҳат,  эндиликда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда — Маданият вазирлиги) ва бошқа давлат органлари томонидан давлат тадбирлари ва бошқа тадбирларга ижодкорлар ва ижрочиларнинг жамоатчилик асосида жалб қилинишига йўл қўйилмайди.

Фармонга мувофиқ маданият ва санъат соҳаси вакилларининг Санъаткор, ижодкор ва ижрочиларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш палатаси ташкил қилинади.

 Палата мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарадиган ташкилот ҳисобланади.

Фармонда Республика қўғирчоқ театрига Ўзбек Миллий қўғирчоқ театри номини бериш масаласи алоҳида қайд этилган. Шунингдек, Навоий, Наманган, Тошкент вилоятлари қатори Сирдарёда ҳам қўғирчоқ театрини ташкил этиш, шунингдек, 2020-2021 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар бюджетлари маблағлари ҳисобидан ҳар бир ҳудудда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) ҳамда ҳайвонот боғларини ташкил этиш назарда тутилган.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди.

- давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди;

номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш фаолияти Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари бериладиган фаолият (хизматлар, ишлар) турлари рўйхатига киради (маданият марказлари таркибида фаолият юритаётган шахслар бундан мустасно) ва уларнинг ушбу фаолиятдан олинган даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди.

Маданият вазирлиги тизимида ҳам ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Маданият вазирлиги марказий аппарати тузилмасида маданият муассасалари ва ҳаваскорлик санъатини ривожлантириш, соҳада ахборот технологияларини кенг жорий этиш ва рақамлаштириш масалаларига масъул вазир ўринбосари лавозими жорий этилади. Ўзбекистон давлат консерваториясининг «Ўзбек мақом санъати факультети» ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликлари негизида мақом ижрочилиги, бахшичилик ва катта ашула йўналишлари бўйича кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси — Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ташкил этилади.

давлат муассасаси шаклидаги Маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этилади.

Республика ихтисослаштирилган эстрада ва цирк мактаби Карим Зарипов номидаги Республика эстрада ва цирк коллежи этиб қайта ташкил этилади.

В. Успенский ва Р. Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейлари мактаб-интернатлар учун белгиланган имтиёзларни татбиқ қилган ҳолда тегишлича В. Успенский ва Р. Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабларига айлантирилади.

Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги Иқтидорли болалар академик лицейи ҳамда Тошкент ихтисослаштирилган маданият мактаби негизида Маданият вазирлиги тизимида Республика мусиқа ва санъат коллежи ташкил этилади.

Яна бир муҳим жиҳат,  2020 йил сентябрь ойидан бошлаб давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси «очиқ эшиклар куни» ўтказилади ва фуқаролар музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш учун давлат музейларига бепул киритилади.

Фармонга мувофиқ ушбу соҳада яна бир қатор янгиликлар кўзда тутилган.

Хулоса ўрнида айтганда, мазкур ҳужжат юртимизнинг жаҳон маданий маконига фаол интеграциялашувини таъминлаш, ўзбек миллий маданияти ва санъатини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариши, шубҳасиз.  

Дилноза Умрзоқова,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси

 Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси