Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

05

НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ҲАМДА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИНГ БОШҚА ИНСТИТУТЛАРИ ФАОЛИЯТИДАГИ МУАММОЛАР ВА УЛАРНИНГ ЕЧИМЛАРИ


Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 56-моддасида Ўзбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, ижодий уюшмалар, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмалари сифатида эътироф этилиши кўрсатиб ўтилган.

Бугунги кунда Республика бўйича жами 9 мингдан зиёд, Сирдарё вилоятида 500 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолият юритиб, давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни кенг йўлга қўйиб келмоқда. Ушбу муносабатларни тартибга солиш учун давлатимиз томонидан бир қатор ҳуқуқий механизмлар яратилиб, уларнинг фаолияти норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан янада мустаҳкамлаб қўйилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонунларни қабул қилишдан асосий кўзланган мақсад, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан давлат идоралари ўртасидаги масофани қисқартириш орқали уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳисобланади. Хусусан,

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида, жамоатчилик назорати субъектлари кўрсатиб ўтилган. Улар қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади), фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назорати субъектларидир.

Жамоатчилик назорати жамоатчилик кенгашлари, комиссиялари ва бошқа жамоатчилик ташкилий тузилмалари томонидан ҳам қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилиши мумкин.

Ривожланган ҳамда ривожланиб келаётган давлатларни оладиган бўлсак, уларда фуқаролик жамияти институтларининг давлат ишларидаги иштироки сезиларли даражада тараққий этган.

Республикамиздаги ННТларнинг ҳам давлат органлари ва ташкилотлардаги иштироки кун сайин яхшиланиб бормоқда. 

Муҳтарам президентимиз ташаббуси билан Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда уларга ажратиладиган давлат грантлари миқдорини кўпайтириш борасида 2020 йил 25 январь кунидаги Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлисига йўллаган мурожаатномасида ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришларини мақсадга мувофиқ бўлади, деб таъкидлаб ўтганлиги ҳам сир эмас.

Сир эмаски, “Гуруч курмаксиз бўлмаганидек”, ННТларни ҳам қийнаб келаётган турли ҳил муаммолар ҳаётимизда учраб туради.

Бунинг учун мамлакат ва ҳудудлар даражасида нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликни кенг йўлга қўйиб, грантлар

ва ижтимоий буюртмаларни кўпайтиришимиз керак. Давлат ҳокимияти ва бошқарув орагнлари ҳамда вазирлик ва идоралар ҳам бир четда томошабин бўлиб ўтирмасдан, бундай ижтимоий ҳамкорлик ишларини кенгайтириши лозим. Шунинг учун Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг фаолиятини такомиллаштириш даркор.

Муҳтарам Президентимиз томонидан мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш керак, деган гаплари жуда ўринли албатта. Бундан келиб чиқиб, жамоатчилик маъқул деса – маъқул, номаъқул деса – номаъқул бўлиши лозим.

Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг сонига эмас, балки сифатига кўпроқ эътибор қаратишни лозим деб биламиз. Сабаби, ўз ташаббусига кўра давлат рўйхатидан ўтган нодавлат нотижорат ташкилотларининг аксарияти давлат томонидан ажратиладиган грант учун рўйхатдан ўтади,  грант танловларида берган лойиҳаси қайтиб келса, ўз-ўзидан ушбу ННТ ўз фаолиятини юритмайди. Бу эса рўйхатга олувчи ваколатли органларга ҳамда тегишли ташкилотларга қўшимча иш ҳажмини келтириб чиқаради.

Шу ўринда вилоятимизда фаолият кўрсатиб келаётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг бу борадаги фаолиятини янада жонлантириш ва жадаллаштириш мақсадида вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда ННТларга грант ажратиш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун моҳиятини тушунтириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида миллий маданий марказлар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар рахбарлари иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилиб, грантлар ажратиш тартиби ва улардан фойдаланиш бўйича тегишли тушунтиришлар берилди.

Натижада, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятдаги 10 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари грант олиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига мурожаатлар қилишган.

Бу эса ўз навбатида нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан фаолиятларини янада кенгайтириш, юртбошимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатни амалга оширишда яқиндан иштирок этиш имкониятини яратади.

Шу нарсани эслатиб ўтиш лозимки, нодавлат нотижорат ташкилотларининг асосий мақсади ва фаолият тури нимага қаратилан бўлса, шундан четга чиқиб кетмаслиги керак.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, Республика бўйлаб фаолият кўрсатаётган бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари билан адлия идоралари ўртасидаги яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, кенг жамоатчилик, жумладан академик доира вакиллари, бизнес ҳамжамияти, экспертларни жалб қилган ҳолда “форсайт” тадбирларини мунтазам равишда ташкил этиб бориш, шунингдек мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш саъй-ҳаракатларини изчил давом эттириш ва ривожлантириш лозимлигини тақозо этади.

С.Тоғаев, Сирдарё вилоят адлия бошқармаси  

бошлиғи ўринбосари