Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

04

ФАВҚУЛОДДА ҲОДИСАЛАР ЖАБРДИЙДАЛАРИГА ЯНА БИР ЁРДАМ


“Сардоба сув омбори” тўғони ўпирилиши натижасида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини ўрганиш жараёнида зарар кўрган фуқароларнинг бир қатор ҳужжатлари ҳам яроқсиз ҳолатга келганлиги ёки йўқолганлиги маълум бўлди.

Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг топшириғига асосан бу борада олиб борилаётган ишлар натижасига кўра, жорий йилнинг 31 май кунига қадар тошқин оқибатида ФҲДЁ органлари фаолияти йўналиши бўйича ҳужжатлари йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган 1 844 нафар фуқароларнинг ҳужжатлари (1 284 таси туғилганлик, 41 таси ўлим, 516 таси никоҳ тузилганлиги ҳамда

3 таси никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳномалар) бепул тикланиши таъминланди.

Шунингдек, фуқаролик паспорти йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган 1 582 нафар фуқарога янги фуқаролик паспортлари бепул тақдим этилди.

Таъкидлаш жоизки, бундай жараёнларни тартибга соладиган Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонунига асосан фавқулодда вазиятлар рўй берганда мазкур вазиятни бартараф этиш мақсадида одамларнинг ҳаётини асраб қолиш ва соғлиғини сақлашга, атроф табиий муҳитга етказиладиган зарар ва моддий талафотлар миқдорини камайтириш ишлари амалга оширилиши лозим.

Фавқулодда вазиятлар натижасида расмий ҳужжатлар (паспорт, гувоҳнома, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлари ва б.) яроқсиз ҳолга келган ёки йўқотиб қўйилган тақдирда бундай ҳужжатларни тиклаш ҳам фавқулодда вазиятни бартараф этиш тадбирларидан бири ҳисобланади ҳамда бунинг учун жабрланган фуқаролардан тўлов ундирилмаслиги мақсадга мувофиқ ҳамдир.

Амалдаги қонун ҳужжатларига асосан табиий, техноген ёки бошқа маиший офатлар натижасида фуқароларнинг айбисиз йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган муайян фактни тасдиқловчи ва бошқа ҳужжатларни тиклаш учун тегишли давлат органига мурожаат қилинганда, улар тегишли тўловлардан озод этилмаган.

“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан фақатгина табиий офатлар натижасида жабрланган жисмоний шахсларга туғилганлик, никоҳ, никоҳдан ажралиш ва ўлим ҳақидаги такрорий гувоҳномалар берганлик учун давлат божи тўланмаслиги назарда тутилган.

Бироқ, техноген хусусиятга эга бўлган гидротехник авария натижасида сув омборида сув уриб кетиши ҳамда табиий хусусиятдаги гидрометеорологик хавфли ҳодиса натижасида юз берган сув тошқинлари, сув тўпланиши ва селлар бир хил зарарни келтириб чиқариш мумкин.

Шунга кўра, табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда жабрланган шахслардан етказилган зарарларни бартараф этишда тўлов олиш тартибини бекор қилиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси томонидан бу борадаги қонун ҳужжатлари таҳлил қилиниб, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шунингдек маиший тусдаги офатлар (уй ёнғини, қулаши ва б.) юзага келганда фуқаролардан уларнинг йўқотилган ёки яроқсиз ҳолга келган муайян фактни тасдиқловчи ҳужжатларини (ФҲДЁ органлари йўналишидаги ҳужжатлар, ҳайдовчилик гувоҳномаси, паспорт, нотариал ҳужжатлар, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар ва б.) тиклашда тўловлар (давлат божи, герб йиғими ва б.) ундирилмаслигини белгилаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига таклифлар киритилди.

Бундай норманинг қонун ҳужжатларида белгиланиши давлатимиз томонидан турли фавқулодда вазиятлар оқибатида зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш, инсонпарварлик, ижтимоий адолат принципларини таъминлаш асосида олиб борилаётган ишларимизга тўла-тўкис мос келади.

Элдор Махкамов

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

бошлиғининг биринчи ўринбосари