Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

ЖАМИЯТНИ ТАНАЗЗУЛДАН САҚЛАБ ҚОЛИШ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА


Жамиятда коррупция оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёхуд давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади. Ушбу салбий ҳолатнинг ҳар қандай кўриниши жамиятни ҳалокат ёқасига олиб бориши муқаррардир. Коррупциянинг тарихи антик даврларга бориб тақалади. Қадимги Юнонистон давлатида оддий халқ вакиллари оқсоқолларга ва турли даражадаги амалдорларга совға-саломлар беришган. Худди шундай ҳолатлар қадимги Мисрда ҳам кузатилган: бу ерда эркин деҳқонлар, ҳунармандлар ва ҳатто ҳарбий аъёнларга нисбатан ҳам ўзбошимчалик ва зўравонлик ишлатган ҳамда қонунбузарликларни ўзига касб қилиб олган амалдорлар бюрократик аппарати юзага келганди. Энг ачинарлиси бундай иллат ҳозир ҳам давом этмоқда.

Коррупциявий жараённи биз мажозий маънода олма мевасига ўхшатадиган бўлсак, бунда ғарқ бўлиб пишган мазали олма мевасига кўз тиккан қурт-қумурсқалар, ҳашоратлар бўлади, албатта. Ушбу мевага қурт тушса, уни аста-секин ич-ичидан емира бошлайди ва охир-оқибат еб тугатади ёки яроқсиз ҳолга келтиради. Ҳудди шундай бирор давлат ёки жамиятни олма сифатида кўрадиган бўлсак, унга тушган   қурт-қумурсқаларни порахўрлар деб қарасак улар жамиятни, давлатни аста-секинлик билан емира бошлайди, оқибатда бу жамият таназзулга юз тутади.

 Биз биламизки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодисадир. Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, ҳукумат тизими ишдан чиқади, демократик институтларга путур етади. У сайлов жараёнларига салбий таъсир қилиб, қонун устуворлигига жиддий зиён етказади. Бундан ташқари, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади. Шунинг учун боғбон боғидаги меваларини сақлаганидек биз ҳам жамиятимизни, ривожланаётган давлатимизни бундай иллатдан ҳоли сақлашимиз бугунги куннинг долзарб масаласидир.

Шу ўринда, мазкур иллатга қарши курашда турли давлатлар турли усуллардан фойдаланиб келмоқда. Масалан, Хитой давлатида ушбу жиноят учун ўлим жазоси сақланиб қолган. Бу жазо тури Америка Қўшма Штатларининг баъзи штатларида ҳам мавжуд. Худду шу каби, бундай иллатга қарши курашишда, Сингапур тажрибасини кўрадиган бўлсак, дастлаб ушбу давлат жамиятда очиқлик ва тозалик муҳитини яратишга, коррупцияни ижтимоий номақбул ҳодиса деб талқин этилишига эришиш учун қатъий қарор қилди. Ўз ишининг асосига “тоза ва сотилмас бўлиб қолиш” принципини устувор қўйди.  

Ҳамма нарсадан кўра қонун устуворлигини афзал кўриш, жамиятда ҳамманинг қонун олдида тенглиги принципини тарғиб қилиш ва унга амал қилиш, бу йўлда юқори мартабали амалдорлар ва қариндошларини ҳам аямаслик Сингапурда коррупцияни бартараф этиш ишига хизмат қилди.

Бу борада бизнинг мамлакатимизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилиб, улар орасида энг яхши самара берганлари давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқ ва шаффофликни жорий этилиши, иш жараёнларига ахборот техналогияларини кенг жорий қилган ҳолда муайян ишларни ҳал этишда “инсон омили”ни камайтириш усули қўлланилиши, идоралараро электрон ҳужжатлар айланиш тизими жорий этилиши, давлат хизматлари кўрсатишнинг мутлақо янгича тизими жорий этиш шулар жумласидандир. Бу саноқларни яна кенгайтириш мумкин, бироқ кенг жамоатчилик, ёшлар, маҳалла тизими ва энг муҳими, ҳар бир фуқаро бу иллатга қарши муросасизлик кайфиятини намоён этса, қонун устуворлиги сўзсиз таъминланса ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари меҳнат фаолиятини ҳалоллик ва ватанпарварлик руҳида олиб борсалар, бу иллатни жамиятимиздан таг-томири билан қўпориб ташлаймиз.

Президентимиз таъбири билан айтганда “Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш муҳим вазифадир. Қадимги юнон файласуфи Арасту (Аристотель) ҳам қуйидаги фикрларни илгари сурган: “Ҳар қандай давлат тузумида энг муҳими – бу қонунлар ва тартиб-қоидалар воситасида ишни шундай ташкил этишки, мансабдор шахслар қинғир йўл билан бойлик орттира олмасин”.

О.Бозоров, Г улистон туман адлия бўлими бошлиғи