Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

БОЛА ҲУҚУҚЛАРИ –ҚОНУН ҲИМОЯСИДА


Ҳар бир бола ўзига хос бир олам. Унинг биргина табассуми кўнгилларни сел қилиб юборгудек қудратли кучга эга. Унинг эркаланиб айтган биргина сўзи юракларга малҳамдек хуш ёқади. Ана шундай нозик хилқат оилани бахтли ва мустаҳкам қилади.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Ҳаёт гултожи саналган азиз болажонларимизнинг улуғ байрами сифатида эътироф этилажак ушбу кун ҳар йили мамлакатимизда ўзига хос тарзда тантана қилинади. Ўзбекистонда истиқомат қилаётган ҳар бир бола ёши, миллати, ирқи, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар давлатимиз эътиборида. Уларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликлари қонун ҳимоясидадир.

Халқаро байрамлардан бири ҳисобланган Болаларни ҳимоя қилиш кунини ўтказиш тўғрисидаги қарор дастлаб 1925 йилда Женевада болалар фаровонлиги бўйича Бутунжаҳон конференциясида қабул қилинган.

1925 йилда Хитойнинг Сан-Францискодаги бош консули хитойлик ота-онасиз бўлган болалар учун 1-июнь куни бўлиб ўтган Фестивални нишонлади. Бахтли тасодиф билан, бу кун Женевада "болалар" конференцияси вақтига тўғри келди.

         Иккинчи Жаҳон урушидан кейин, болаларнинг саломатлиги ва фаровонлигини сақлаш муаммолари ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлган пайтда, 1949 йилда Парижда аёллар қурултойи бўлиб ўтди, унда болалар бахтининг ягона кафолати сифатида доимий тинчликни таъминлаш учун тинимсиз кураш ҳақида қасамёд қилинди. Худди шу йили Халқаро Демократик Аёллар Федерацияси Кенгашининг Москва шаҳрида бўлиб ўтган сессияда қабул қилинган Конгресс қарорларига биноан, 1 июнь куни дам олиш куни этиб белгиланди. Орадан бир йил ўтгач, 1950 йилда 1 июнь куни биринчи Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бўлиб ўтди, шундан сўнг ҳар йили ушбу куни байрам нишонлана бошланди

Мамлакатимизда ҳам ушбу кун тарихий аҳамиятга эга. Ҳаётимиз мазмуни, эртамиз давомчилари бўлган азиз фарзандларимиз эмин-эркин, бахтли ҳаёт кечириши учун мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилган. Хусусан, бола ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2008 йил 7 январь куни “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди. Қонунга мувофиқ ҳар бир бола яшаш, индивидуалликка ва уни сақлаб қолишга, эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига, ҳимоя ҳуқуқига, оилавий муҳитга бўлган ҳуқуқига, ғайриқонуний кўчирилишдан ҳимояланиш ҳуқуқига, ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқига, ахборот олиш ҳуқуқига, фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига, турар жойга бўлган ҳуқуқига, соғлиғини сақлаш ҳуқуқига, билим олиш ва бошқа ҳуқуқларига эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 майдаги ПҚ-4736-сон “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш ва ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларни бажаришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадига қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Қарор билан бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгилаб берилди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлар бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таминлайди. Бундан ташқари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил имконияти чекланган болалар, шунингдек, етим оилалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасасини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашади. Шунингдек, тарбия муассасаларини тамомлаган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мақсадли коммунал уй-жой фондидаги белгиланган санитария ва техник меъёрларга ҳамда қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига жавоб берадиган турар-жой билан таъминланишига кўмаклашади ва қарор билан қайд этилган бошқа функцияларни бажаради.

         Мазкур қарор бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим дастуриламалдир.


Н.Тагиров

Сайхунобод туман

адлия бўлими бошлиғи