Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг вазифалари нималардан иборат?


Ўзбекистон бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда махсус халқаро конвенцияларга, шу жумладан, Бола ҳуқуқлари тўғрисида конвенция, Ирқий камситишларнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисида халқаро конвенция ва Қийнаш ҳамда муомала ва жазолашнинг шафқатсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қимматини таҳқирловчи турларига қарши Конвенцияга ҳам таянади. Бу халқаро ҳужжатларга қўшилиш билан Ўзбекистон Республикаси бола ҳуқуқларини халқаро андозаларга мувофиқ ҳимоя қилишни таъминлаш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олган.

Кўпгина хорижий давлатларда (60 дан ортиқ) ювенал адлия (Juvenile Justice) институти кенг ривожланган бўлиб, ушбу институт орқали болалар ҳуқуқбузарлиги, болаларни содир этган жинояти учун  жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган жиноят турлари ва судлар, ҳуқуқбузар болалар учун мўлжалланган муассасалар томонидан болаларга қилинадиган муомала усуллари ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш йўллари каби мавзулар қамраб олинади.

Айрим давлатларда Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил институти (омбудсман) ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мажбурияти — бу БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясида кўзда тутилган болалар ва ёшларнинг ҳуқуқлари ва қизиқишларига кўмаклашишдир.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги қарори билан мамлакатимизда ҳам  Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилган эди.

Шунга кўра,  Президентимизнинг жорий йилнинг 29 майидаги “Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланди.

Вакилга ўзига юклатилган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

Вакил БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириш;

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш;

давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарларига бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

ҳаракатларида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома билан кириш;

болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар, органларга, шу жумладан таълим, тиббиёт муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам равишда ва монеликсиз кириш.

Вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажариши белгилаб берилди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институтининг мавжудлиги жамиятда болалар муаммоларига эътибор бериш кўрсаткичи ҳисобланади ҳамда уларни ўз шахсий ҳуқуқларига эга шахс сифатида ижтимоий аҳамиятини тасдиқлайди ва айнан шундай муносабатдан болаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш жараёни бошланади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолияти бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, нодавлат ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар, мулк шаклидан қатъи назар ташкилотлар, корхона, муассасалар, ота-она, тиббий, ижтимоий ва бошқа ходимлар томонидан тан олиниши ҳамда риоя қилинишини таъминлашга қаратилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институтининг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига тўлиқ имплементация қилиниши ҳамда амалиётга кенг жорий этилиши болаларнинг ҳуқуқлари рўёбга чиқаришда муҳим механизм бўлиб хизмат қилади ҳамда мамлакатимизда бола ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашда янги босқични бошлаб беради.

Элдор Маҳкамов,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси
бошлиғининг биринчи ўринбосари