Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

18

Ҳар қандай қонунбузарликлар содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб...


Сардоба сув омбори тошқинида зарар кўрган фуқароларимизнинг мурожаатларини жойига бориб ўрганиш жараёнида, Аҳиллик маҳалласида шундай бир ҳолатга дуч келдик. Фуқаро Ш.Х. ўтган йилнинг октябрь ойида қуриб битирган уйини расмийлаштириш учун туман кадастр бўлимига ҳужжат йиғиб топширади. Аммо, у мурожаат қилган ходим у-буни баҳона қилиб, ҳужжатларни муддатида қилиб бермайди. Декабрь ойида худди шу ходим катта миқдорда пора олиб, қамалиб кетади. Фуқаро “вақтида тушуниб, пора бермагани” учун уйи расмийлаштиришсиз қолди. Бу биринчидан, иккинчидан фуқаронинг ўзи ҳам кадастр ходими қамалиб кетгач, уйимнинг ҳужжати нима бўлди деб, бўлим бошлиғи учрашмаган. Оқибатда, янги уйни сув тошқини ювиб кетди, фуқарода эса  уй ҳужжати йўқ.

Инсонни қийин аҳволга туширадиган, руҳан эзадиган ҳолатлар ичида энг оғири адолатсизлик ҳисобланади, дейиш мумкин. Унинг бир илдизи коррупция билан боғлиқ бўлиб, бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишида ифодаланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш биринчи даражали вазифа эканига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик, жиноятга жазо албатта муқаррар экани тўғрисидаги қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриш зарурлиги таъкидланмоқда.

          2017 йил 4 январдан Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни кучга киргани коррупцияга барҳам бериш учун барча асосларни яратиб берди. Мазкур қонун ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун 2017 йил 2 февралда давлатимиз раҳбарининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

         Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлади. Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак. Масъулиятсизликка, адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади.

        "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунда бизнинг бу борадаги ҳуқуқларимиз кафолатланган. Қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахсларнинг ҳимоя қилиниши таъминланади.

        Давлатимиз раҳбарининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида "2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури" тасдиқланди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди.

         Мазкур комиссия коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этади. Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва ҳамкорлигини таъминлайди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга доир чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этади. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, уларни аниқлашга, уларга чек қўйишга, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга доир чора-тадбирлар самарадорлиги оширилишини таъминлайди.

            Комиссия коррупциянинг ҳолати ва тенденциялари тўғрисидаги ахборотни йиғади ва таҳлил этади. Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши юзасидан мониторингни амалга оширади. Ушбу соҳадаги мавжуд ташкилий-амалий ва ҳуқуқий механизмларнинг самарадорлигини баҳолаш, коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва ушбу соҳадаги ишларни яхшилаш юзасидан таклифлар тайёрлайди. Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий идоралараро комиссиялар фаолиятини мувофиқлаштириш ишларини амалга оширади.

             Бу вазифалар тегишли идоралар ва масъул шахслар томонидан изчил таъминланади. Зеро, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлари барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.  

 Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу фуқароларимизда коррупцияга, аниқроқ айтганда, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки ҳар қандай қонунбузарликлар содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Барчанинг якдиллиги, юрт тақдирига дахлдорлиги кучайиши ҳар қандай иллатнинг батамом барҳам топишига хизмат қилади.

Ҳ.Эркабоев,  Оқолтин тумани адлия бўлими

бош маслаҳатчиси