Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

16

Аҳоли мурожаатлари адлия томонидан онлайн тарзда ҳал этилмоқда


Коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин шароитида Сирдарё вилояти адлия бошқармаси ҳам фаолиятини онлайн тарзда олиб бормоқда. 

Бугунги кунгача фуқаролардан 100 дан зиёд мурожаат Адлия вазирлиги боти орқали, 400 га яқин мурожаат вилоят адлия бошқармасининг “Huquqiytargibot Sirdaryo” мулоқот гуруҳи орқали, 50 га яқин мурожаат бошқарманинг “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифалари орқали келиб тушди. Аҳоли томонидан кўтарилган мурожаатларнинг аксари меҳнат қонунчилиги, нафақа, кредит ажратиш масаласи, карантин тартиб-қоидалари, ишга жойлашиш, иш ҳақини ундириш ва бошқа масалалар юзасидан бўлиб, ишчи гуруҳи томонидан бу савол ва мурожаатларга тезкор ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда. 

– Туман ва шаҳарлардан ечими тез кунда топиш имкони бор мурожаатлар эса ҳудудлардаги адлия бўлимларига йўналтирилиб, ўз вақтида қаноатлантирилмоқда, – дейди вилоят адлия бошқармаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бошлиғи, фуқаролардан онлайн мурожаатларни тезкор қабул қилиш ва жавоб бериш бўйича ишчи гуруҳ аъзоси Азизжон Мавлонов. – Мисол учун, Сирдарё вилояти адлия бошқармасининг “Huquqiytargibot Sirdaryo” фуқаролар билан мулоқот гуруҳига Боёвут тумани Ширин маҳалла фуқаролар йиғини Заковат кўчаси, 31-уйда яшовчи фуқаро С.Хаққуловадан онлайн мурожаат келиб тушди. Унда фуқаро Ширин шаҳар 3-сонли мактабгача таълим ташкилотидан жорий йилнинг апрель ойи учун ойлик иш ҳақини ундириб беришни сўраган. Таъкидлаш лозимки, Ширин шаҳар адлия бўлимига йўналтирилган мурожаат ижобий ҳал этилиб, бўлим бош маслаҳатчиси Бекзод Ғайбуллаев томонидан С.Ҳаққулованинг апрель ойи учун 736 минг сўм ойлик маоши тўлиқ ундириб берилди. 

Фуқароларни қизиқтирган турли саволлар кўпинча ўхшаш бўлгани учун, адлия бошқармаси бўлимлари томонидан савол-жавоблар ролик кўринишида тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам равишда тарқатиб борилаётир. 

Шу ўринда, Ширин шаҳар адлия бўлими карантин даврида ўнлаб шароити оғир бўлган оилалар аъзоларини маҳаллалар қошидаги ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлаштирганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. 

Шунингдек, Сайхунобод тумани адлия бўлими томонидан фуқаро Ф.Суюновнинг пенсиясини кўпайтириш борасида мурожаати ўрганиб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунининг 38-моддаси “е” бандида “Асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлиш вақти – бир ярим ҳисса баробарида стажга имтиёзли тарзда қўшиб ҳисобланади” дея таъкидланган. Шунга асосан, мурожаатчининг пенсияси Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Сайхунобод тумани бўлими томонидан қайта кўриб чиқилиб, унинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Вилоят адлия бошқармаси ва унинг туман, шаҳар адлия бўлимлари томонидан кунига ўнлаб шу каби мурожаат ва саволлар қабул қилиниб, уларга онлайн тарзда зарур ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда.