Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
Савол: Ходим томонидан зарарни ихтиёрий равишда тўлаши мумкинми?
М. Давронова, Сайхунобод тумани
Жавоб: Меҳнат кодексининг 206-моддасига кўра, иш берувчига зарар етказишда айбдор бўлган ходим уни ихтиёрий равишда қисман ёки тўлиқ тўлашга ҳақли.
Зарарни ихтиёрий равишда тўлаш ушбу Кодексда назарда тутилган доирада амалга оширилади.
Ходим ва иш берувчининг келишувига биноан зарарни тўлаш муддати кечиктириб қопланишига йўл қўйилади. Бундай ҳолда ходим иш берувчига тўлов муддатларини аниқ кўрсатиб зарарни қоплаш ҳақида ёзма мажбурият беради. Агар зарарни ихтиёрий равишда тўлаш ҳақида ёзма мажбурият берган ходим меҳнатга оид муносабатларни бекор қилса ва зарарни тўлашдан бўйин товласа, қарзнинг узилмай қолган қисми нотариал идораларнинг ижро ҳужжатлари асосида ундирилади.
Иш берувчининг розилиги билан ходим етказилган зарарни қоплаш учун унга баҳоси тенг мол-мулк бериши ёки бузилган мол-мулкни тузатиб бериши мумкин.
Савол: Ходимнинг мол-мулкига етказилган зарар учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги нималардан иборат?
Мунира Шодманова, Сирдарё тумани
Жавоб: Меҳнат кодексининг 196-моддасида Меҳнат шартномасида белгиланган вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги натижасида ходимнинг шахсий буюмлари ёки бошқа мол-мулкига зарар етказган иш берувчи бу зарарни натура ҳолида қопламоғи лозим. Зарарни натура ҳолида қоплашнинг иложи бўлмаган тақдирда ёки ходимнинг розилиги билан мол-мулкнинг қиймати шу жойда амалда бўлган баҳо бўйича тўла ҳажмда қопланади.
Савол: Айтингчи, иш берувчига тўланиши лозим бўлган зарар нималардан иборат?
Э. Норматов, Сайхунобод тумани
Жавоб: Меҳнат кодексининг 198-моддасига асосан ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарарни тўлаши шарт.
Бевосита етказилган ҳақиқий зарар деганда иш берувчининг мавжуд мол-мулки (шу жумладан иш берувчи учинчи шахслардан ижарага олган мол-мулк) амалда камайганлиги ёки ёмон ҳолатга келганлиги, шунингдек иш берувчининг ортиқча тўловлар қилиш зарурати тушунилади.
Ходим иш берувчига бевосита етказилган ҳақиқий зарар учун ҳам, иш берувчи бошқа шахсларга етказилган зарарни тўлаши натижасида келиб чиққан зарар учун ҳам моддий жавобгар бўлади.
Саволларга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи А.Мавланов жавоб берди.