Янгиликлар
ЎЗ ОНА ТИЛИСИДАН ОРЛАНГАННИ КИМ ДЕБ АТАШ МУМКИН?
Хушахлоқ, маънавиятнинг комиллигига эришмоқни мақсад қилган кишининг қалби озод бўлмоғи шарт. Кимлардандир ранжийверадиган, нималардандир қўрқаверадиган, ҳиссиётга берилаверадиган одамнинг қалби озод бўлолмайди. Кимки ўзини қўлга ололмаса, фикрларини фойдали нуқтага қаратолмаса, беҳуда нарсалар билан овора бўлса, кўриниб турган нарсани кўра олмайди, эшитилиб турган ҳақиқатни эшитолмайди. Оқибатда оқу-қорани ҳам ажратиш фазилатидан маҳрум бўлади.
Кишининг комил саодатга эришмоғи учун аввало халқ фаровон бўлмоғи даркор. Кишида эзгулик бўлмоғи учун унинг қалби тоза бўлмоғи зарур. Қалбнинг покизалиги учун тўғри, ақлли, ҳикматли фикрлар даркор. Ақлли фикрлар учун эса юқори даражадаги билим керак. Юқори даражадаги билимга етишмоқ учун киши ўзини – ўзи ўқишга ўргатмоғи лозим. Кишининг комиллик сари қадам қўйиши барча нарсаларнинг ибтидосидир. Агар унинг билим дарахти илдизи бефарқлик ва илтифотсизлик бўлса, меваси ҳам шунга ярашадир.
Бундан хулоса шуки, аввало, ўзбек тилини мукаммал билишимиз, уни нафақат ўрганишимиз, балки давлат тили сифатида эътироф этиб, барча мулоқот воситаларини ушбу тил асосида амалга оширишимиз лозим бўлади. Баъзилар ўз она тили қашшоқлигидан нолийди. Ўзга тилларнинг жозибали, дунё тили деб ҳисоблаб, ўз тилида гапиришга ор қилишади.
Бундайларни эртакдаги эчкига ўхшатаман. Эчки бўриникига ўхшаган думни орзу қилибди-ю, дум ўстиргани ўрмонга кетибди, натижада шўрлик шохидан ҳам айрилиб қолибди.
Бизга маълумки, 1989 йил 21- октябрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган. Бунга кўра давлат тили - давлат ҳокимияти органлари, муассасалар, корхоналар ва ташкилотларнинг расман иш юритиш тили, муайян мамлакатда қонун чиқариш, ижро этиш ва суд ҳокимиятлари фаолиятида, барча таълим муассасаларида таълим бериш учун расмий белгиланган тил ҳисобланади.
Шунинг учун давлат тилида сўзлашмоқ, расмий ҳужжатларни давлат тилида баён этиш, ҳар бир сўз иборасига зукколик билан муносабат билдириш зарурияти, айниқса, адлия идоралари ходимлари учун алоҳида маъсулият ҳиссини юклайди. Ушбу тилнинг нақадар равон, бой тил эканлиги ёзувчи-шоирларимиз томонидан ёзилган китобларида, донишмандларимиз ўгитларида, шунингдек, илмий-амалий изланишлар жараёнларида ҳам беқиёс таърифланиб келинмоқда.
Шу билан бирга бизнинг толерантликка асосланиб қурилган давлатимизда ҳеч бир миллат тили мулоқот тили сифатида камситилмаган.
Адлия тизимига ўтишдан аввал кўп йиллар суд тизимида ишладим. Айтиш жоизки, суд жараёнларида таржима керак бўлса, таржимон, ҳукмдан кўчирмалар фуқароларнинг хоҳишига қараб, ўзбек ва рус тилларида берилган.
Бугун ҳукуматимиз томонидан адлия органлари зиммасига давлат тилига алоҳида эътибор бериш борасида намуна кўрсатиш, вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар томонидан давлат тилида иш юритиш борасидаги фаолиятини назорат қилиш вазифалари бежизга юклатилган эмас.
Бу борада фаолликни сусайтирмай, ҳар бир жараён давлат тилида худди мадҳиямиз сингари жаранглаб туриши учун камарбаста бўлишимиз даркор.
Назар Қаршибоев,
Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи