Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
✍️1-Савол: Менга Янгиер деҳқон бозори ёнидаги бўш ер майдонини аукционга қайси идора киритиши тўғрисида тушунча беришингизни сўрайман?
У.Абдуллаева, Янгиер шаҳар Шодлик МФЙ
А.Навоий кўчаси 15/13-уйда яшовчи фуқаро
✍️Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 августдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4427-сон Қарорига мувофиқ, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб “YERELEKTRON” ААТга ер участкалари бўйича маълумотларни киритиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер ресурслари ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг тегишли туман (шаҳар) филиаллари томонидан мустақил равишда амалга оширилиши белгиланган.
Шунга кўра, агар Сизнингча Янгиер деҳқон бозори ёнидаги бўш ер майдони мавжуд бўлса, “YERELEKTRON” ААТга ер участкалари бўйича маълумотлар киритишга ваколатли орган ҳисобланган “Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри” ДК Янгиер шаҳар филиалига мурожаат қилишингиз мумкин.
✍️2-Савол: Менга савдо дўкони биносига кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш тартиби тўғрисида беришингизни сўрайман?
Г.Зухритдинова, Янгиер шаҳар Обод юрт МФЙ
Боғистон кўчаси 3/1-уйда яшовчи фуқаро
✍️Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилдаги 26 августдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4427-сон Қарорининг 2-бандида 2019 йил 1 октябрдан бошлаб бино ва иншоотларнинг кадастр йиғмажилдини тайёрлаш уларни фойдаланишга қабул қилишга қадар Давлат хизматлари марказларига берилган аризаларга асосан амалга оширилиши, қабул қилиш якунланганидан сўнг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма берилиши белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги “Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1060-сон қарорининг 9-бандида кадастр йиғмажилдини бирламчи шакллантиришда кўчмас мулк объектлари давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан жойга чиқиб хатловдан ўтказилиши, кадастр йиғмажилдини шакллантириш натижалари бўйича кадастр паспорти берилиши, кўчмас мулк объектини техник хатловдан ўтказиш давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан жисмоний ёки юридик шахсларнинг буюртмаси асосида амалга оширилиши, буюртмалар интернет тармоғи ёки Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиниши белгиланган.
Шунга кўра, Сиз савдо дўкони биносига кадастр паспортини шакллантириш учун давлат хизматлари маркази ёки Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали “Ермулккадастр” ДК Янгиер шаҳар филиалига мурожаат қилишингиз лозим бўлади.
Саволларга Янгиер шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси М.Тўракулов жавоб берди.