Янгиликлар
ДАВЛАТ ТИЛИГА ҲУРМАТ БИЛАН ҚАРАШНИ ЎРГАНАЙЛИК!
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида
"Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.
Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади" деб белгиланган.
Қолаверса, ҳар бир халқ ўзининг тақдирини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эгадир. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат идораларида иш юритилиши давлат тилида олиб борилиши таклифи берилган. Бу жуда долзарб мавзу, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 30 йил тўлди, шу йиллар давомида давлат тилини ўрганиш, айнан, давлат ташкилотлари ва корхоналарда ушбу тилда иш юритишга ўтиш учун етарли вақт берилди.
Аммо, кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда иғвогарона хатти-ҳаракатлар, гап-сўзларни кўпайтириб, миллатларни бир-бирига гиж-гижловчилар кўпайиб кетди. Ҳужжатни муҳокама қилишдан аввал, уни яхшилаб тушуниб олишингизни маслаҳат берардим.
Менинг ҳам миллатим ўзбек эмас, аммо, мен шу туғилган юртим ва мени ўраб турган меҳрибон халқнинг тилини билмаслигим гуноҳ бўлади, деб ўйлайман. Русча ўқиганимга қарамасдан, ўзбек тилида бемалол иш юритаман.
Фуқаролар ўзаро муносабатларда бошқа тилларда гапиришни ҳеч ким тақиқлаб қўяётгани йўқ.
Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги ҳорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар кесимида 40 фоиз улуши Хитой давлатига, 18 фоизи улуши Россия давлатига, бундан ташқари АҚШ, Буюк Британия, Германия ва бошқа чет эл давлатларига келмоқда.
Тадбиркорларимиз ҳам ўз маҳсулотларни чет эл бозорларга экспорт қилиб келмоқдалар. Бу ҳолат эса ўз ўзидан тадбиркорларимиздан чет эл тилини билишни талаб қилмоқда. Бунинг ҳаммаси иқтисодиёт қонунларидир.
Адлия вазирлиги томонидан билдирилган ташаббусни кимлардир нотўғри талқин қилиб, давлатимиз фуқароларга бошқа тилларда мулоқотда бўлишни ҳам тақиқлаб қўйишаяпти деган ноўринли фикрларни бермоқда.
Муҳокамага қўйилган масала билан "Гёте" номидаги тил маркази ёки "Россотрудничество" ташкилотлари билан алоқаларни умуман узиб қўйиш, ёки хитой, рус, инглиз, немис ва бошқа тилларни тақиқлаб қўйиш таклифи берилмаган.
Шу сабабли, Адлия вазирлигининг фуқароларимиз Давлат тилига ҳурмат билан қарашларига қаратилган ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.
Наиль Тагиров,
Сайхунобод туман адлия бўлими бошлиғи.