Янгиликлар
САВОЛ БЕРИНГ -ЖАВОБ БЕРАМИЗ!
Савол: Турмуш ўртоғим билан никоҳдан ўтмаганман, фарзандли бўлсам, туғилганлик гувоҳномасини қандай оламан?
Бўрибоева Холида Умаралиевна
Боёвут тумани Дўстлик маҳалласи Базовул кўчаси 15-уй
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг
60-моддасида боланинг насл-насабини белгилаш асослари белгиланган.
Боланинг шу онадан туғилганлиги (оналик) фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органи томонидан тиббий муассасанинг ҳужжатларига кўра, бола тиббий муассасада туғилмаган ҳолда эса, бошқа далилларга асосан белгиланади.
Аёлнинг никоҳ тузилгандан кейин ёки эрининг ўлими, никоҳдан ажратилганлиги ёхуд никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги туфайли никоҳ тугаганидан сўнг уч юз кун ичида туғилган боласи никоҳда туғилган бола ҳисобланади.
Агар никоҳ тугагандан кейин уч юз кун ичида бола туғилса ва бу даврда аёл янги никоҳга кирган бўлса, бола янги никоҳда туғилган ҳисобланади. Бундай ҳолларда собиқ эр ёки унинг ота-онаси боланинг насл-насаби хусусида низолашиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, 61-моддада Ота-онанинг аризаси бўйича боланинг насл-насабини белгилаш.
Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.
Она вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда, онанинг қаердалигини аниқлаш имконияти бўлмаганда ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, оталик васийлик ва ҳомийлик органи билан келишилган ҳолда ўзини боланинг отаcи деб тан олаётган шахснинг аризасига биноан белгиланади.
Боланинг отаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, оталикни белгилаш тўғрисидаги аризани унинг номидан васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан унинг ҳомийси бериши мумкин.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганлигини қайд этиш вақтида, шунингдек, бола туғилганлиги қайд этилганлигидан кейин ҳам берилиши мумкин. Агар оталикни белгилаш тўғрисида бола туғилгандан кейин эр-хотин биргаликда ариза беришининг имкони бўлмай қолиши ёки мушкул бўлишини кўрсатувчи асослар мавжуд бўлса, туғилажак боланинг ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онаси шундай аризани ҳомиладорлик вақтида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига беришга ҳақлилиги кўрсатилган.
Оталикни белгилаш рад этилганда, ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс суд тартибида шикоят қилиши мумкин.
Савол: Фарзандимга 18 ёшгача алимент тўлаб келдим. Ҳозирги кунда соғлигим яхши эмас, мен ҳам фарзандимдан таъминот олсам бўладими?
Бекмуродов Хасан Бердимуродович
Боёвут тумани Фарход маҳалласи А.Темур кўчаси 10-уй
Жавоб: Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг
110-моддасида Ота-онага бериладиган таъминот миқдори ва тартиби белгиланган.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига ихтиёрий равишда моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, таъминот миқдори болаларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олган ҳолда суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади.
Ота-она, алимент ундириш ҳақидаги талабни ўз болаларининг бирига ёки бир нечтасига нисбатан қўйганлигидан қатъи назар, алимент миқдорини белгилашда суд вояга етган, меҳнатга лаёқатли болаларнинг барчасини ҳисобга олиши лозим.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан алимент ундириш низоси узил-кесил ҳал бўлгунга қадар судья шу низо бўйича вақтинча тўлаб турилиши лозим бўлган суммани кўрсатиб, ажрим чиқариши мумкин.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Саволларга Боёвут туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси А.Исмоилов жавоб берди.